Мамлакатимизда ижтимоий соҳаларни тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавжуд камчиликлар аниқланиб, аҳоли учун манфаатли ечимлар ишлаб чиқилмоқда. Ана шулардан бири ногиронликни белгилашнинг рақамли тизими жорий қилинишидир.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 сентябрдаги "Ногиронликни белгилаш тизими рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори билан тизимда қатор ўзгаришлар бўлиши кўзда тутилган.
Хусусан, аввал беморлар фақат туман марказий поликлиникаларининг врачлик-маслаҳат комиссияларига оғзаки мурожаат қилган бўлса, эндиликда ногиронликни белгилаш масаласида “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ва оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Шунингдек, сиртдан (кўрикка чақиртирмасдан) ногиронлик белгиланадиган касалликлар ва унинг асоратлари рўйхати 48 тадан 60 тага кенгайтирилди.
Қайд этилишича, касаллик тури ва беморнинг ҳолати бўйича ногиронликни қанча муддатга, қайси гуруҳга белгилаш ҳамда реабилитация тадбирларини аниқлаштириш ҳақида ягона стандартлар мавжуд бўлмаганлиги ва тизим рақамлаштирилмаганлиги сабаб ногиронликка доир хулосаларни белгилашда хатоликлар кузатилар эди.
Янги тизимнинг афзаллиги шундаки, эндиликда беморнинг маълумотлари асосида ногиронлик гуруҳи ва муддати, ўзгалар парваришига, тиббий реабилитациясига ҳамда протез мосламаси ёки реабилитация воситасига муҳтожлигига оид маълумотлар автоматик равишда инсон омилисиз “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади. Бу эса ортиқча оворагарчиликлар билан бир қаторда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА