Ғада Ҳижжавий-Қаддуми номи дунё ҳунармандлари учун қадрли. У бутун умрини халқ истеъдодини юзага чиқариш, ҳунармандчиликни ривожлантириб санъат мақомини олиши ва уста- устазодаларни қўллаб-қувватлашга бағишлаган эди. Қўқон I халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ташкилотчиларидан бири ҳам Ғада хоним бўлган. Афсус, бугун у орамизда йўқ.
Аммо унинг қилган ишлари муносиб тақдирланмоқда. Фестивалнинг биринчи куни тарихий воқеа рўй берди.
Қўқон шаҳри марказидаги Алломалар музейи расмий равишда Халқаро ҳунармандлар музейи мақомини олди ва унга жаҳон ҳунармандчилигини ривожлантиришда катта ҳисса қўшган арбоб, тадқиқотчи ва зиёли хоним Ғада Ҳижжавий-Қаддуми номи берилди.
– Мен онамнинг камтарона фаолиятига шундай юксак баҳо берилишини кутмагандим, – дейди Ғада хонимнинг ўғли, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши раиси Саад ал Қаддуми. – Онам Ўзбекистон ҳақида ҳамиша юксак эҳтиром билан гапириб берар эди. Унинг халқи истеъдодли, Президенти эса халқпарвар раҳбар, дерди. Ҳунармандлар музейига онамнинг номи берилиши мен учун ҳам жуда катта масъулият юклайди. Энди кучимга куч қўшиб ишлайман.
Музей мақоми доимий фаолият кўрсатадиган қилиб белгиланди. Фестиваль иштирокчиси бўлган ҳунармандлар ўзларининг 600 дан зиёд маҳсулотларини музейда намойиш қилиш учун беғараз ҳадя этдилар.
[gallery-25380]
– Мен Ғада Ҳижжавий-Қаддуми хоним билан 2019 йили Қўқон I халқаро ҳунармандчилик фестивалида танишган эдим. Шубҳасиз, Ғада хоним дунё ҳунармандчилиги ривожига жуда катта ҳисса қўшган, – дейди Россия вакили бошқиристонлик Гўзал Каримова.
Ҳунармандлар музейига асос солиш ва унга Ғада хоним номи берилишига бағишланган тантанада музей заллари яқин вақт ичида ҳунармандчиликнинг барча йўналишларида яратилган жиҳозлар билан тўлдирилиши, кейинроқ эса алоҳида бино қурилиши таъкидланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HmFfAOAsfoo" title="Qo‘qonda yana bir muzey ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА