Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз араб давлатлари билан алоқалари янги поғонага кўтарилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланмоқда. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашиляпти. Ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаш ўсиб, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони изчил ортиб боряпти.
1981 йил 25 майда ташкил этилган минтақавий ташкилот – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар, Ўмон ва Баҳрайн киради. Ушбу давлатлар углеводород етказиб берувчи етакчи минтақа ва нуфузли жаҳон молия маркази ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг тузилмага аъзо Баҳрайн билан дипломатик муносабатлари 1992 йил 29 майда ўрнатилган.

Жорий йил апрелда мамлакатимизнинг Баҳрайнга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Ар-Риёд шаҳрида) Нодиржон Турғунов ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулатиф бин Рашид Аз-Заёнийга ишонч ёрлиғи нусхасини онлайн тарзда топширди.
Ўзаро суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи, шунингдек халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Баҳрайн ТИВ раҳбари Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, республикамиз ташқи сиёсат ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришаётганини эътироф этди. Икки мамлакатни тарихий алоқалар боғлаб туриши, қардош халқлар ўртасидаги муносабатлар юқори даражада эканини қайд этди. Ўзаро муносабатларни барча жабҳаларда мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатга ҳисса қўшишга тайёрлик тасдиқланди.
Баҳрайн Подшоҳлиги ахборот агентлиги BNA ва қатор нашрлар юртимизга тааллуқли янгиликларни мунтазам ёритиб боради. Яқинда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегациянинг ушбу давлатга амалга оширган сафари батафсил ёритилди.
Мақолаларда ҳамкорликни кенгайтириш нияти – сиёсий мулоқотдан тортиб, қўшма бизнес лойиҳаларигача эътибор қаратилган.

Музокара якунида дипломатик паспорт эгалари учун визасиз режим тўғрисидаги битим имзолангани таъкидланган.
Б.Саидов пойтахт Манама шаҳрида Бош вазир ўринбосари Шайх Холид бин Абдулла Ал-Халифа ҳамда ташқи ишлар, молия, миллий иқтисодиёт, саноат ва савдо вазирлари билан учрашган.
Томонлар мавжуд шерикликни мустаҳкамлаш – сиёсий мулоқотни кенгайтиришдан тортиб, савдо, сармоя ва институционал тажриба алмашишгача бўлган масалаларни муҳокама қилган. Минтақавий ва глобал ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги кўприкларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари “Bahrain Mumtalakat Holding”, “Lamar Holding” ва “Aluminium Bahrain” (Alba) компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокара олиб борди. Муҳокама чоғида яшил энергияни ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва қўшма корхоналар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
“Bahrain Mumtalakat Holding Company” тахминан 18 миллиард долларлик активни бошқарадиган суверен бойлик жамғармаси ҳисобланади. Жамоа молия, кўчмас мулк, саноат, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 60 дан ортиқ компанияга сармоя киритади.
“Lamar Holding” давлат-хусусий шериклик форматидаги йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳаларига ихтисослашган компания бўлиб, кўрфаз мамлакатларида энергетика, сув таъминоти, нефть ва газ соҳаларида лойиҳалар амалга оширади.
Дунёдаги энг йирик алюмин ишлаб чиқарувчилардан бири – “Aluminium Bahrain” йилига 1,6 миллион тоннадан кўп маҳсулот ишлаб чиқаради. 150 дан зиёд мамлакатга металл экспорт қилади.
Рривожланган банк тизими, исломий молия соҳасида бой тажриба ва юқори даражадаги бизнес инфратузилмаси билан Баҳрайн Яқин Шарқда йирик сармоявий марказлардан бирига айланган. Мамлакатда туризм ва логистика фаол ривожланмоқда. Бу эса қўшма лойиҳалар учун кенг имконият очмоқда.
Ўзбекистон табиий ва инсон ресурслари, Марказий Осиёдаги стратегик жойлашув ва ўсиб бораётган ички бозори билан халқаро миқёсда жозибадорлик касб этмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тўқимачилик саноати, туризм соҳалари, шунингдек Ўзбекистон орқали минтақавий бозорларга чиқиш имконияти Баҳрайнда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА