Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар, яъни кибержиноятларга қарши курашиш фаолияти янада кучайтирилди.
Хусусан, Бош прокуратуранинг ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси тузилмасида кибержиноятларга қарши курашишда қонунийликни таъминлаш бўлими ташкил этилди. Ҳудудий прокуратуралар ва Транспорт прокуратурасининг ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлимларида унинг гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида штат бирликлари ажратилди.

Мазкур тузилмалар ички ишлар органларининг кибержиноятларни тергов қилиш ва фош этиш фаолияти жараёнида қонунчилик ижроси устидан прокурорлик назоратини амалга оширмоқда.
Бош прокуратурада мазкур қарор ижроси юзасидан ўтказилган йиғилишда рақамли хавфсизликни таъминлаш ва банк тизимида юзага келаётган кибержиноятлар билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида ўтган йиғилишда Бош прокуратуранинг Кибержиноятларга қарши курашишда қонунийликни таъминлаш бўлими, Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси, Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ходимлари иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда банк тизимида кузатилаётган кибержиноятлар, ушбу жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарарларнинг қопланиши ҳамда бу тур жиноятлар содир этилишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди.
Кибержиноятларни “иссиқ изи”дан фош этиш, айбланувчиларни аниқлаш ва етказилган зарарларни қоплашдаги муаммоли масалалар ва омиллар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан масъул идораларнинг таклифлари эшитилди.
Тадбир якунида киберхавфсизликни янада мустаҳкамлаш, банк мижозларининг маблағларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга, банклар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА