Пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуаси стадионида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев хотирасига бағишлаб ўтказилаётган анъанавий футбол турнирининг 2-тур ўйинлари ортда қолди.
Кеча турнирнинг 2-турида А” гуруҳида “Пахтакор” жамоаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси(ЎФА) вакилларини 4:2 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, Ўзбекистон футзал федерацияси(ЎФФ) жамоаси Спорт-ТВни 7:0 кўринишида мағлубиятга учратди. “Сулола” ва “Марказий сектор” жамоалари ўртасидаги ўйинда 2:2 ҳолатида муроса йўли танланди.
[gallery-25345]
“Б” гуруҳида Миллий олимпия қўмитаси футболчилари “Championat.asia” сайти дарвозасига жавобсиз бешта тўп йўллади- – 5:0. “Sports.uz” жамоаси “O‘zPFL” вакилларини 3:1, “Бунёдкор” “Tong”ни 8:2 ҳисобида таслим этди.
3-тур ўйинлари остонасида “А” гуруҳида Ўзбекистон футзал федерацияси, “Б” гуруҳида Миллий олимпия қўмитаси жамоалари 6 очко билан тўплар нисбатига кўра, пешқадамлик қилмоқда. Уларни ўз гуруҳларида “Пахтакор” ва “Бунёдкор” тақиб этмоқда.
2-тур ўйинлари якунида кўплаб спорт журналистларининг устози Ахбор Имомхўжаевнинг набираси Фирдавс Абдусаматовга ташкилотчилар томонидан "Сулола" футбол клубининг либослари ва футбол тўпи совға қилинди.
Турнирнинг навбатдаги 3-тур ўйинлари 23-24 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов(фото), ЎзА