Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси умумий босқичнинг биринчи тур учрашувлари ўтказилмоқда.
Куни кеча мазкур тур доирасида "Олимпиакос" — "Пафос" ва "Славия" — "Будё-Глимт" жамоалар ўзаро рақобатлашди. Мазкур баҳслар бир хил 1:1 ҳисобида якунланди ва клублар бир очкодан бўлишиб олди.

Тунда эса қуйидаги яна тўртта ўйин бўлиб ўтди.
“ПСЖ” — "Аталанта" – 4:0.
Париж шаҳрида ўтган мазкур ўйинда мезбонлар таркибида Маркиньос, Хвича Кварацхелия, Нуно Мендес, Гонсалу Матиас Рамос гол уриб ўз номларини таблога ёздириб қўйди.
"Аякс" — "Интер" – 0:2.
Италиянинг "Интер" клуби Нидерландиянинг "Аякс" клуби билан сафарда куч синашди. Учрашувдаги икки голга Маркус Тюрам муаллифлик қилди.
"Ливерпул" — "Атлетико" – 3:2.
Чемпионлар лигасининг марказий учрашувида биринчи бўлимнинг 4 ва 6-дақиқаларида Робертсон ва Салоҳнинг голлари эвазига мерсисайдликлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бироқ, бўлим якунлаётганда Льоренте ҳисобни қисқартирди. Иккинчи бўлимнинг 81-дақиқасида эса Маркос ўзининг кучли зарбаси билан Алиссон дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларнинг иккинчисида Виржил ван Дейк бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди ва “Ливерпуль”нинг ғалабасини таъминлади.
"Бавария" — "Челси" – 3:1.
Мазкур ўйиннинг 20-дақиқасида Чалобах ўз дарвозасини ишғол қилиб, автогол муаллифи бўлди. Шундан сўнг, 27-дақиқада Харри Кейн 11 метрлик жарима зарбасидан ҳисобни 2:0 кўринишига оли келди. Орадан 2 дақиқа ўтиб эса Коул Палмер орадаги фарқни қисқартирди. Бироқ, иккинчи бўлимнинг 63-дақиқасида англиялик Х.Кейн иккинчи голини нишонлади.

Бугун,18 сентябрь куни “Брюгге” ва “Монако”, “Копенгаген” ҳамда “Байер Леверкузен” баҳси мамлакатимиз вақти билан 21:45 да бошланади.
19 сентябрь кунига ўтар кечаси, соат 00:00 да “Манчестер Сити” — “Наполи”, “Спортинг” — “Қайрат”, “Ньюкасл” – “Барселона”, “Айнтрахт” — “Галатасарай” учрашувлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА