Қадимдан маданий илдизлари узвий боғлиқ бўлган туркий элларнинг дўстлиги йилдан-йилга ривож топиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси боис 2019 йилда мамлакатимизнинг Туркий Давлатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлганлиги туркий бирдамликда тарихий аҳамият касб этди. Миллий манфаатларимизга тўла мос келадиган мазкур сиёсий қарор халқимизни нафақат туркий эллар оиласига қайтарди, балки ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик йўлида янги имкониятлар эшигини очди. Буни халқларимиз ўртасида тобора қулоч ёзиб бораётган адабий алоқалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Туркия Республикасининг Кўнё шаҳрида “Мавлоно маънавий мероси 14-Халқаро шеърият анжумани”га таклифнома олганимда дастлаб шу ўйлар хаёлимдан кечди. Қолаверса, “Ошиқлар шаҳри” номини олган Кўнёга бориш, у ердан мангу қўним топган буюк мутафаккир ва шоир Мавлоно Жалолиддин Румий мақбарасини зиёрат қилиш истаги болалигимдан фикру ёдимни банд этган орзу эди. Ўқувчилик йилларимда Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” асари қўлимга тушиб, кўп мутаассир бўлгандим. Ўшанда хаёлан Мавлоно юрган Кўнё кўчаларини кўп бора кезгандим...
Болаликдаги ўша ҳаяжонларни хотирлаб, Кўнё сари йўлга чиқдик. Манзилга етиб шаҳар кўчаларини оралаб борарканман, ўзим хаёлан кезган кўҳна шаҳарнинг тарихий изларини қидираман...
“Мавлоно маънавий мероси халқаро шеърият анжумани” Туркия Ёзувчилар уюшмасининг Кўнё бўлими ва Қаратай ҳокимлиги томонидан ўн тўртинчи бор ташкил этилди. Бу йилги анжуман турк дунёсининг таниқли ёзувчиси марҳум Мехмет Дўғоннинг ёрқин хотирасига бағишланди. Халқаро тадбирда туркий эллардан, шунингдек, Фаластиндан ва Россиянинг Татаристон ўлкасидан элликка яқин шоирлар қатнашди.
Анжуман иштирокчилари дастлаб Мавлоно Жалолиддин Румий қабрини зиёрат қилишди. Буюк уламо, шоир ва ошиқ ёдга олиниб, дуолар қилинди. Шундан сўнг шоир мақбараси ёнида кичик мушоира ташкилланди. Дунёнинг турли юртларидан келган 10 та шоир сафида менга ҳам шеър ўқиш насиб этди. Кучли ҳаяжон кечди. Боиси бу бахт иккинчи бор насиб этиши – 2022 йилда ўтказилган 14-Халқаро туркий шеърият байрамида ҳам айнан шу манзилда туриб шеър ўқиган эдим. Ижодкор эмасманми, хаёлга бериламан, бундан айрича ҳикматлар туяман.
Кейин Туркия Ёзувчилар уюшмасининг Кўнё бўлими фаолияти билан танишдик. Бўлим раҳбари, таниқли адиб Ахмет Кўсаўғли ўз фаолияти ва уюшмага бино берилиши тарихи ҳақида гапираётиб Ўзбекистонни эслади. У ўтган йили юртимизда бўлиб ўтган 15-Халқаро туркий шеърият байрамида қатнашган эди.
“Албатта, бизнинг биномиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасиники каби муҳташам эмас. Яна атрофимизда катта боғ ва шоирларнинг ҳайкаллари йўқ”, - деди у менга юзланиб. Жилмайиб қўйдим. Ҳазил аралаш айтилган бу гапдан озгина оғриқ ва ўзбек ижодкорларига ҳавасни туйдим. Даврада қўр тўкиб, бундан фахрланиб ўтирдим.
Эсладим – ўшанда (2024 йил ноябрь ойида) туркиялик ижодкорларни Уюшма биносида кутиб оларканмиз, Ахмет Кўсаўғли менга юзланиб “Бу қандай сарой? Концерт залими?”, - деганди. Бу Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси эканини айтганимизда аввалига ишонмаган. Ичкарига кириб, Уюшма фаолияти билан танишиб кейин чиндан ишонди. “Адиблар хиёбони”да қад кўтарган ҳайкалларни кўриб ва улар ижодкорларга аталганини эшитиб ҳайратга тушганди. Кўнёдаги тадбирда чамаси ўшандаги ҳайрати ва ҳаваси ёдига тушди...
Кечқурун Мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси ҳовлисида - Дарвешхонанинг гулзор боғида катта “Шеър оқшоми” ўтказилди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Муса Казим Арижан шеърият элларни ва дилларни яқинлаштирувчи кучли илоҳий восита эканини таъкидлади. “Шеърият Мавлононинг асл моҳиятини: унинг ҳикматини, билимини ва бизни инсон қиладиган қадриятларни абадийлаштиради. Шу боис анъанавий ўтказиб келинаётган Мавлоно халқаро шеърият байрамининг давом этиши Кўнёнинг маданий обрўси ва нуфузи учун жуда муҳим”, - деди ўз сўзида Каратай ҳокими Ҳасан Килжа.
“Шеърият оқшоми” кучли руҳий ҳиссиётларга ва ҳайратларга бой бўлди. “Шуҳрат, манзарани қара”, - дейди ҳаяжонланиб Туркия Ёзувчилар уюшмасининг Истанбул бўлими раҳбари Маҳмуд Бийикли. – Устимизда тўлин ой. Олдимизда Мавлоно мақбараси гумбази. Шу кунгача саноқсиз шеърият байрамларида қатнашганман, лекин дастурда ўша жойнинг руҳи шу қадар чуқур акс этган ва бир-бирига боғланган бошқа бир воқеани эслай олмайман”.
Ҳақиқатан ҳам ўша лаҳзадаги манзара ажойиб эди. Кейин маълум бўлдики, анжуманни ташкил этган қардошларимиз уни тўлин ойга атайлаб режалаштиришган экан.
Дастур бошланишидан олдин тўлин ой булутлар орасига кирди. Бир лаҳза барчамизни бир ғамгин туйғу чулғаб олди. Бир неча дақиқада булутлар тарқалиб, тўлин ой бутун улуғворлиги билан пайдо бўлди. Осмонда худди кумуш лагандек кўринди. Худдики биз – шоирлар билан саломлашаётгандек эди...
Кейин шоирлар бирин-кетин шеър ўқишди. Қарийб уч соат давом этган мушоира Туркия телеканаллари ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш қилинди.
Тадбирлар оралиғида Кўнёни яёв кездим. Бу шаҳардаги ҳар бир буюм ва ҳар бир ҳолат Мавлоно номи билан боғланаркан. Ҳаммаси Мавлоно бренди асосида бирлашади. Жалолиддин Румий кўнёликлар учун нафақат шоир ва мутафаккир, балки поклик, барака ва бағрикенглик рамзига айланиб кетгандек. Бутун бир шаҳар биргина туризм брендига боғланиб яшаётгандек таассурот уйғотади. Ҳаттоки Румий ва Шамз Табризий илк учрашган жой шарафига ҳам махсус ёдгорлик ўрнатилган.
Шеърият боисидан бошланган ижодий сафаримиз шу тариқа якунига етди. Туркияда кечган кунлар давомида туркий элларнинг руҳий яқинлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Буюк тарихга ва адабиётга эга халқимизга, шиддат билан жаҳонда ўз ўрнини эгаллаётган Янги Ўзбекистонга чексиз муҳаббатни ва самимий эҳтиромни ҳис қилдим.
Шунингдек, Президентимизнинг адабиётга алоҳида эътибори халқаро даражада эътироф этилаётганини кўриб, эшитиб, шу юртнинг бир ижодкори сифатида фахрландим, кўнглим тоғдек ўсди.
Туркий элларнинг дўстлиги ва адабий ҳамкорлиги ривож топаверсин!
Шуҳрат ОРИФ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир
Тошкент- Анқара-Кўнё-Тошкент