Тошкентда қиличбозлик бўйича давом этаётган кадетлар ўртасидаги Осиё кубогининг навбатдаги куни сабля йўналишида жамоавий, шпага бўйича эса яккалик баҳслари ўтказилди.
Сабля йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги ҳал қилувчи финал учрашувида Қозоғистон термасини 45:39 ҳисобида таслим этган ҳолда олтин медални қўлга киритди. Қозоғистонлик қиличбозлар эса кумуш медаль билан тақдирланди. Ироқ ва Ўзбекистон-2 терма жамоалари эса кучли учликдан жой олди.
Осиё кубогининг шпага йўналишидаги яккалик беллашувларида икки ўзбек қиличбози — Қобилжон Камолов ва Вадим Багаутдинов финал босқичида ўзаро тўқнаш келди. Унда Қобилжон 15:14 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа Қ.Камолов олтин, В,Багаутдинов кумуш медали соҳибига айланди. Мазкур йўналишда қозоғистонлик Александр Шешин ва ёш спортчимиз Сардор Суёнов бронза медалига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА