ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни кунларда Қўқон шаҳрида жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган учинчи халқаро ҳунармандлар фестивалига тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.
Нуфузли анжуманда Бутунжаҳон ҳунармандлар Кенгаши президенти бошчилигидаги делегация, дунёнинг турли давлатларидан ҳунармандлар, олимлар, ОАВ вакиллари ва бошқа нуфузли меҳмонлар иштирок этиши кутиляпти. Шунингдек, фестивалда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан машҳур ҳунармандлар таклиф этилган бўлиб, ҳар бир вилоят учун алоҳида павильонлар ажратилган.
Ўз навбатида ранг-баранг тадбирлар доирасида шаҳар кўчалари бўйлаб фестиваль қатнашчиларининг тантанали юриши, маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси, маҳорат дарслари, халқаро илмий-амалий конференция, китоблар тақдимоти, халқ сайиллари, концерт дастурлари ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.
Шу кунларда фестивалнинг асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган Ўрда майдонида Ҳунармандлар павильони барпо этиш ишлари якунига етиб қолди. Бу юмушни 2019 йили Қўқонда бўлиб ўтган илк халқаро ҳунармандчилик фестивалининг бош соврини соҳиби, Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусов шогирдлари билан бирга бажаряпти. Бу ерда Фарғонанинг рамзий дарвозаси, нақшинкор устунлар, савдо расталари ўрнатилади.
[gallery-25286]
Шаҳарнинг Сарбозлар кўчасида эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келувчи ҳунармандларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш учун махсус расталар бунёд этилмоқда. Маҳаллий ҳунармандлар растаси 15 сентябрдан ўз фаолиятини бошлаб, вилоят аҳолиси ва меҳмонларга хизмат кўрсатишга киришади.
Айни пайтда юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келадиган маҳаллий ҳунармандлар учун ажратиб бериладиган расталарда сўнгги жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Фестиваль кунлари мазкур ҳудудда иштирокчиларга барча қулайликлар яратилиб берилади.
Шу маънода айтганда, бугун Жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига эга Қўқон шаҳри ҳар жиҳатдан ўз кўрки ва таровати, латофатини намоён этиб, барчани халқаро фестивалга чорламоқда.
ЎзА фотомухбири
Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.