Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов Навоий вилоятида бўлиб, яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ҳудудларда учрашувлар ўтказди.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабалари билан бўлиб ўтган учрашув аввалида университет ректори Бахтиёр Мардонов олийгоҳда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Учрашув давомида Қ.Турсунов бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсатидаги ўрни, олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмуни ва уларнинг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида батафсил фикр-мулоҳазалар билдирди.
Сенатор замонавий давр – “рақамли дунё”да ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, билим ва кўникмаларини замон талаблари асосида шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Бугунги кунда университетда 42 нафар фан доктори, 170 нафар фалсафа доктори ва фан номзоди фаолият юритмоқда. Илмий салоҳият эса 65 фоиздан ошди.
Президентимизнинг “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Зарафшон шаҳрида жорий ўқув йилидан университетнинг янги факультети ташкил этилди.

Ҳозирда университетда кончилик, энергетика, кимё-металлургия, иқтисодиёт, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 11 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Мазкур ўқув йилида бакалавриат кундузги таълим йўналишларини 590 нафар, сиртқи таълим шаклини 1190 нафар ҳамда магистратура босқичини эса 53 нафар ёш мутахассис тамомлади. Битирувчиларнинг қарийб барчаси ишга жойлаштирилган.

Тадбирда ёшлар ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб, саволларига Сенатордан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири