Трамп маъмурияти билдиришича, АҚШ ташқи сиёсатида бир йўла икки жиддий муаммо юз берди– Исроилнинг Доҳага зарбаси ва Россия дронлари Польша ҳаво ҳудудига кириб бориши. Бу воқелар Оқ уй, қолаверса АҚШ Президенти обрўсига кучли зарба берди.
Америка етакчиси ҳозирги бошқарув муддатига киришаётганда айнан шу икки низо – Россия –Украина ва Исроил – Фаластин урушини тезда ҳал этишни ваъда қилган. Афсуски, амалда бу вазифани уддалаш иложи бўлмаяпти.
Доҳага ҳужум АҚШ маъмурияти Ғазодаги урушни тугатиш бўйича сўнгги қарорини эълон қилгандан атиги икки кун ўтиб юз берди. Трамп айни масала юзасидан шундай деган эди:
– Бу таклифни қабул қилмаслик қандай оқибатга олиб келишидан ҲАМАС хабардор қилинди. Бу охирги огоҳлантириш.
Мазкур баёнотда таклиф албатта қабул қилинади, деган ишонч оҳанги бор эди. Исроил эса ҲАМАС раҳбарлари айнан шу масалани муҳокама қилиш учун йиғилган пайт зарбани амалга оширди. Ҳозир АҚШ вазиятдан хабардор бўлган-бўлмагани ва ҳужумни тўхтатиши мумкинмиди ёки йўқлиги муҳокама қилинмоқда. Қатарда Американинг энг муҳим халқаро ҳарбий базаларидан бири жойлашгани инобатга олинса, кўпчилик АҚШ бу амалиётдан хабарсиз қолган бўлишига ишониш қийин, деб ҳисоблайди. Баъзилар эса Оқ уй бу зарбага яширинча “яшил чироқ” ёққан, дея тахмин қиляпти.
Экспертлар фикрича, сўнгги икки йилда Исроил АҚШ розилиги билан бутун Яқин Шарқда очиқ ёки ёпиқ ҳолда ўз ҳарбий қудратини намойиш қилиб келмоқда. Айнан Америка қўллаб-қувватлови билан Исроил ҳозир минтақа етакчиси сифатида мустаҳкам ўрнашиб олиб, Эрон ёки Ямандай нисбатан узоқдаги давлатларга ҳам зарба бериш қобилиятини намоён этмоқда.
Эрон ва Яман билан боғлиқ ҳолатда АҚШ ҳам иштирок этгани, мақсад умумийлиги маълум. Яманга ҳужум хусийларнинг Исроилга ва савдо кемаларига хуружини тўхтатиш мақсадини кўзлаган, Эронга зарбалар, гўёки, ядро дастурига қарши қаратилган.
Доҳа эса бутунлай бошқа масала, дейилмоқда. Масалан, Қатар АҚШнинг муҳим иттифоқчиларидан бири экани туфайли Исроилнинг бу ҳаракати кўпчиликда ҳар-хил савол туғдирди. Трамп мавзуга қуйидаги изоҳни берди:
– Қатар суверен давлат ва АҚШнинг яқин иттифоқчиси. Бундан ташқари тинчлик музокарасида воситачилик қилишни зиммасига олган. Бу ҳудудга бир томонлама зарба бериш на Исроил, на Америка манфаатига хизмат қилади.
Афсуски, бу баёнот Американинг воқеага алоқадорлигига доир шубҳани тўлиқ тарқата олмади. Фақат АҚШ етакчиси чиндан ҳам қаттиқ ғазабланганини кўрсатди.
Нетаняҳу эса Исроил мустақил қарор қабул қилганини турли йўл билан таъкидлашга уриняпти. Айрим сиёсий таҳлилчилар Қатарга бундай ҳужум қилинмаслигига ваъда берилган бўлса-да, келишув очиқчасига бузилгани, Яқин Шарқда АҚШ заифлашганини кўрсатувчи белги сифатида қабул қилди.
Польша масаласи...
Атиги бир неча ҳафта олдин Трамп Путинни Аляскада қизил гилам ёйиб кутиб олган эди. Учрашувдан сўнг у Франция Президенти Эммануэль Макронга “Қанчалик ғалати эшитилмасин, Путин менинг ҳурматим учунгина келишувга рози бўлмоқчи” деди. Вазият эса келишувга яқинлашмади ҳам. Аксинча, тескари тус олиб, Россия Украинага дрон ва ракета ҳужумини кучайтирди.
РФ ракеталари ва дронлари Польша ҳудудига аввал ҳам тушган, аммо доим чегарага яқин ҳудудда содир бўлгани учун, воқелар тасодифий қабул қилинган. Бу галги ҳодиса ҳеч кутилмаганга ўхшамайди. Польша расмийлари 19 Россия дрони мамлакат ҳаво ҳудудига кирганини айтди. Бош вазир Дональд Туск парламентда ҳолатга изоҳ бераркан, “мамлакат ҳудудида Иккинчи жаҳон урушидан бери бундай очиқ тўқнашув кузатилмагани”га урғу берди. Табиийки, РФ айбловни инкор этмоқда.
Аксар таҳлилчилар Москва томонидан Польшага қараб дрон учирилишини НАТО қатъиятини синовдан ўтказиш мақсадидаги ҳаракат, дея баҳоламоқда.
Юқоридаги икки воқеа, гўёки, Трампнинг иродасини текшириш, дейиляпти. Энг қизиғи, Доха бўйича билдирилган ғазабли фикрдан фарқли равишда, АҚШ етакчиси РФ – Польша зиддиятига жавобан мум тишлаши эътибордан четда қолмади.
Сукут сақлаш, Россияга янги санкция жорий қилиш ҳақидаги баёнот ва қарор амалда бажарилмаслиги Украина ва иттифоқчиларда ўринли савол пайдо қилди: Трамп аслида қайси томонда?
Эҳтимол, бу саволга яқин орада жавоб олинар...
Нима бўлганда ҳам НАТО аъзолари энди мудофаани мустаҳкамлаш учун асосий масъулиятни ўз зиммаларига олиши кераклигини тушунган кўринади. Польша ҳаво ҳудудидаги воқеа бунга яққол мисол.
Шу билан бирга, умумий ҳолатда барибир НАТО ҳамон Американинг ҳарбий ва сиёсий қудратига суянади. Ва айни вазиятда алъянсга аъзо давлат раҳбарларини “АҚШ Президенти шу қудратни ишга соладими ёки йўқми? деган савол қийнамоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LkJrbrfn2Zg" title="Tramp kim tomonda? " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвахўжа Аҳмедов, ЎзА