Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитасида курашни ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлашда хизмат қилиб келаётган мураббий-мутахассислар, нуфузли мусобақаларда ватанимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчиларни тақдирлаш маросимида эълон қилинди.
Спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров ва бошқалар иштирок этган тадбирда бир гуруҳ кураш мутахассислари, мураббийлар, спортчиларга “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.
Тадбирда давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида кураш халқаро майдонда кенг ривож топаётгани, қисқа фурсатда ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилиши халқимизга чексиз ифтихор бағишлагани таъкидланди.
Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов тадбир давомида Осиё олимпия кенгаши ва III ёшлар Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси билан олиб борилган музокаралар натижасида кураш 22-31 октябрь кунлари Баҳрайнда ўтадиган ёшлар ўртасидаги қитъа ўйинлари дастурига киритилиши борасида келишувга эришилгани миллий қадриятларимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишида муҳим қадам бўлганини билдириб ўтди.
Дарҳақиқат, ота-боболаримиздан мерос қадриятнинг ёшлар ўртасида ўтказиб келинаётган “кичик олимпиада” дастуридан ўрин эгаллаши, ўзбекона ибора ва сўзлар дунё узра баралла янграйверишидан далолат.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DfQUaRsN6_8" title="Kurash III yoshlar Osiyo o‘yinlari dasturiga kiritildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Т.Рўзиев,
А.Содиқов (видео), ЎзА