Хоразм вилоят божхона бошқармаси ходимлари тадбиркорлик субъектларидан бири божхона тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаганлигини фош қилишди.
Гап шундаки, Шовот туманидаги масъулияти чекланган жамиятларидан бирининг раҳбари Туркманистондан шартнома асосида бир неча бор пластик қувурлар олиб киради. Аммо қувурларнинг шартнома, божхона юк декларациялари ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилган нархлари сезиларли равишда арзон кўрсатилганлиги божхона ходимларининг диққатини тортади.
Маълумки, Ўзбекистон ва Туркманистон божхона хизматлари ўртасида ўзаро фаол ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Шундан фойдаланган ҳолда қўшни давлат божхона хизматидан олинган маълумотлар шубҳаларни тасдиқлади.
Қаранг-ки, юқоридаги ҳолатда пластик қувурлар юзасидан туркманистонлик ҳамкасблардан олинган экспорт божхона юк декларацияси билан Ўзбекистон божхона органларига тақдим қилинган декларация ўртасида тафовут аниқланди.
Содда қилиб айтганда, Хоразм вилоят божхона бошқармасига тақдим қилинган декларация ва бошқа ҳужжатларда товарларнинг нархи сунъий равишда пасайтирилган, ҳужжатлардаги имзо ва муҳрлар эса сохталаштирилган.
Шу зайлда юк эгалари давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 1 млрд 134 млн сўм маблағни “тежаб қолмоқчи” бўлишган.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан қўзғатилган жиноят иши Хива туман судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига биноан 1 млрд 134 млн. сўм божхона тўловлари давлат бюджетига тўлиқ ундирилди ҳамда МЧЖ раҳбари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири