2025/2026 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил ноябрь ойида 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.
Жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи оилалар, “Камбағал оилалар реестри”даги оилалар, “Маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатга киритилган оилалар ёрдам олувчи тоифалар ҳисобланади.
Шунингдек, қўшимча рўйхатга қуйидаги тоифадаги оилалар устувор тартибда киритилади: боқувчисини йўқотган, I ёки II гуруҳ ногирони бўлган аъзоси бор, ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган, иситиш тизими мавжуд бўлмаган кўп қаватли уйларда яшовчи, 3 ва ундан ортиқ оила бир хонадонда яшовчи, оғир хасталикка чалинган беморни парваришлаётган, ёлғиз кекса ёки ногиронлиги бор фуқаролар.
Ушбу тоифага мансуб аҳоли вакиллари шу йил 25 сентябрга қадар “Маҳалла еттилиги”га мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизмати маълум қилди. Ушбу чора-тадбирлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА