Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бокс бўйича давом этаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 14 нафар ўзбек боксчилари чорак финалда жанг қилди ва улардан 8 нафари ғолиб бўлган ҳолда ярим финалга чиқди. Натижада ушбу чарм қўлқоп усталаримиз камида бронза медалларига эришди.
Чемпионатнинг қизлар ўртасидаги беллашувларида Феруза Казакова -51 кг. вазн тоифасида мўғулистонлик Мунгунсаран Балсанни, Навбаҳор Ҳамидова эса -65 кг. вазнда мезбон Сача Ҳиккейни мағлубиятга учратди ва ярим финалга чиқди.

Эркаклар орасида 80 килограмм вазнда Жавоҳир Умматалиев қозоғистонлик Нурбек Оралбайни, Тўрабек Ҳабибуллаев -90 кг. вазнда қозоғистонлик Сағиндик Тоғамбайни, Абдумалик Халаков эса -60 кг. вазн тоифасида бошқа бир қозоғистонлик чарм қўлқоп устаси Бибарс Жексенни доғда қолдирди.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев эса қозоғистонлик Эртуған Зеинулиновни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Иқтидорли боксчимиз Фазлиддин Эркинбоев -75 кг. вазнда бельгиялик Ҳамза Сририни енгди. Фазлиддин ярим финалда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган асли ўзбекистонлик Саиджамшид Жафаровга қарши жанг қиладиган бўлди. Ушбу баҳс 12 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Шунингдек, Жаҳонгир Зокиров вазни 90 килограммдан ортиқ бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида норвегиялик Омар Шиҳа устидан зафар қучди ва ярим финалда Хитой шарафини ҳимоя қилаётган Данабике Баикузи билан тўқнаш келадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 11 сентябрь куни мусобақада дам олиш куни. 12 сентябрдан бир неча вазнларда чорак ва ярим финал беллашувлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА