Ватанимиз тарихидаги 11 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1006 йил (бундан 1019 йил олдин) – кидонларнинг Ляо расмий солномасида қайд этилишича, Шачжоу (ҳозирги Дуньхуан) уйғурлари Даши мамлакатидан келтирилган нефрит ва отларни Ляо (кидонлар) императорига совға қилишди. Тарихчи Дилноза Дутураеванинг қайд этишича, айнан шу йили Қорахонийлар томонидан нефрит макони бўлмиш Хўтан ҳудуди босиб олинган эди ва шундан кейин Хўтан нефрити Қорахонийларнинг Хитойга жўнатиладиган асосий маҳсулотига айланади. Шу туфайли, бу ерда Даши атамаси остида айнан Қорахонийлар назарда тутилганлиги шубҳасиз.
1413 йил (бундан 612 йил олдин) – Амир Темурнинг эвараси Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо Соҳибқироннинг ўғли Шоҳрух Мирзонинг қизи Марям Султонбегимга уйланди. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий мазкур никоҳ маросимини қуйидагичатасвирлайди: “…Моҳир мунажжимлар вақт толеини танладилар ва саййидлар, қозилар, акобирлар ҳам ашрафлар Боғи Зоғонга келтирилиб, ўн тўртинчи жумод ал-охирда салтанат садафида парвариш топган бир дурни давлат буржининг дурри бўлмиш мирзо Муҳаммад Жаҳонгир никоҳига киритилди…”
1469 йил (бундан 556 йил олдин) – Султон Ҳусайн Бойқаро ўз аскарлари билан темурийлар салтанатининг иккинчи пойтахти Ҳиротдан чиқиб, Машҳад орқали Астрободга юрди. Кейинроқ Чинорон мавзесида темурий шаҳзода, Бобурнинг қариндоши Ёдгор Муҳаммад Мирзо қўшини билан тўқнашиб, жанг бошланди. Жанг асносида ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар берилиб, жанг Султон Ҳусайн Бойқаро ғалабаси билан интиҳосига етди.
1522 йил (бундан 503 йил олдин) – Тошкент хонининг вазири, замонасининг тенгсиз мусаввири Жалолиддин Юсуф наққош “Йўлбарс овлаётган шаҳсувор” асарини ҳукмдор Султон Муҳаммад уюштирган тонгги мажлисда намойиш қилди. Зайниддин Восифий бу ажойиб мусаввирнинг ушбу асарини шундай изоҳлайди: “У муборак мажлисига кириб, ўзи билан бир саҳифа келтирадики, унда бир ёш найза ушлаган шаҳсувор, унинг найзаси йўлбарс панжасига санчилган, нуқра тусли рахши йўлбарс савлати ва ҳайбатидан ҳуркиб тургани чекилган эди. Алқисса, у шундай бир саҳифа эдики, мободо ажойиб нақш этилган бу сурат фалак лавҳида бўлганида, бу шаҳсувора фалак ўрмони шеъри гардун майдони найзадори (Миррих) паноҳига қочарди, йўлбарс овловчи шер нақший салобатидан найзадор Баҳром ўз кўч-кўронини Асад буржи томон кўтаради. Ўша суратли саҳифани у олий мажлисга туҳфа қилди ва таҳсин зевари ва офарин нисора билан муазиз ва сарафроз бўлди”.
1873 йил (бундан 152 йил олдин) – Туркистон ўлкасининг харитасини тузиш ва иқлимини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрида биринчи астрономик кузатув ишлари бажарилди. Шу йили “Астрономия ва физика расадхонаси” ташкил қилинди. Тошкент астрономик расадхонаси 6 гектар жойни эгаллаган. Расадхонанинг жойлашиши йилнинг 280 куни давомида ёритқичларни кузатиш имконини беради. Расадхонанинг бош биноси 1873 йили бунёд қилинган. 1874 йили расадхонага Гамбургдан Репсольд меридиан доираси, Мерцнинг 6-дюмли рефрактори, Ховю юлдуз соати ва яна бир неча кичик жиҳозлар олиб келинди.
1891 йил (бундан 134 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори идораси Археология ҳайъатига Самарқанд уезди Ишим-Оқсой волости Тутин қишлоғида Холмирза Муҳаммад Солихов топган қирқ етти дона олтин тангани етказиб берди. Бу тангалар Бухоро тангалари бўлиб, 1745–1780 йилларга оид бўлган. Ҳайъат уларни текшириб 4 дона ноёб олтин тангаларни танлаб олди ва Петербургдаги Эрмитаж музейига топширди.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Бухоро амирлигидаги жадидлар партияси (фирқаси) – “Ёш бухороликлар” тарқатиб юборилди, унинг кўпчилик аъзолари (14 мингдан 9 минги) Файзулла Хўжаев бошчилигида Бухоро компартияси таркибига кирди. Кейинчалик собиқ “Ёш бухороликлар” сафидаги жадидларнинг деярли ҳаммаси 30-йилларнинг ўрталарида қатағон қилинган.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – наманганлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдусаттор Раҳимов (1920–1992) 11 сентябрга ўтар кечаси душманнинг кучли ўқ ёмғири остида Киев вилоятининг Вишгород раёнидаги Борки қишлоғи яқинида Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб кечиб ўтди. Унга ушбу жасорати учун 1944 йил 10 январда Қаҳрамон унвони берилди.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Кавардон қишлоғидан бўлган Саидусмон Қосимхўжаев (1915–1994) Чернигов вилоятининг Короп туманидаги Оболонье қишлоғи учун бўлган жангда кўрсатган жасорати учун Қаҳрамон унвони билан тақдирланди.
1945 йил (бундан 80 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Рамазон Абдуллаев таваллуд топди. У 1967 йилдан Бойсун туманидаги мактабларда бошланғич синф ўқитувчиси, мактаб директори вазифаларида ишлади. Фаолияти давомида ўз шахсий жамғармаси ҳисобидан 180 ўринли мактаб биносини қуриб фойдаланишга топширди.
1983 йил (бундан 42 йил олдин) – Мусо Хоразмийнинг таваллудига 1200 йил тўлиши муносабати билан ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган юбилей байрами ўтказилди. Байрам куни Хива шаҳрида алломага ҳайкал ўрнатилди. Ҳайкалнинг очилиш тантанасида жаҳоннинг 36 мамлакатидан келган олимлар иштирок этдилар.
1985 йил (бундан 40 йил олдин) – Тошкент шаҳрида жанубий вокзал ишга туширилди. Янги темир йўл вокзалидан Тошкент – Бухоро поезди илк марта жўнаб кетди.
2003 йил (бундан 22 йил олдин) – Президент фармонига асосан, мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси, мураккаб экологик шароитга қарамасдан, ҳаётнинг кўплаб соҳаларида юқори натижаларга эришаётгани, юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида шаҳар аҳли амалга ошираётган катта ишларни инобатга олиб ҳамда 70 йиллиги муносабати билан Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “«Мардлик» орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. «Мардлик» ордени билан ўзини Ватанни ҳимоя қилишга ва Она юрт хизматига бағишлаган, бунда мардлик ҳамда жасорат кўрсатган Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари ва бошқа фуқаролари мукофотланади. Алоҳида ҳолларда «Мардлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сири тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион фаолиятни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси кемачилиги соҳасида хавфсизликни таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА