Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳрида фахрийлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Вячеслав Брюхов шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллади.
60 дан зиёд давлатнинг 997 нафар фахрий оғир атлетикачилари иштирок этган мусобақада ўзбекистонлик Вячеслав Брюхов -94 килограмм оғирликда ғолиблик учун кураш олиб борди.

Шиддатли кечган баҳсларда ҳамюртимиз даст кўтаришда 100 кг., силтаб кўтаришда эса 132 кг. ва иккикураш натижасига кўра, 232 килограмм тошни бўйсундириб, ўз вазнида жаҳон чемпиони деган шарафли номга яна бир карра сазовор бўлди.

Ушбу ғалаба шарафига Лас-Вегас спорт мажмуасида Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз янгради.
Мазкур вазн тоифасида кумуш ва бронза медаллари Япония ва Эстония давлати вакилларига насиб этди.
Айтиш лозим, Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ аъзоси Вячеслав Брюхов фахрийлар ўртасида ўтаётган дунё биринчиликларида олти йилдан бери ғолибликни қўлдан бермай келмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА