Қуйи палата мажлисида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган сифатида белгиланяпти. Шу пайтгача бу соҳадаги ишлар Энергетика вазирлиги томонидан амалга ошириб келинаётган эди.

Шунингдек, давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг номлари ҳамда ҳуқуқий атамалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилмоқда. Юридик-техника қоидаларидан келиб чиқиб, нормаларни аниқлаштириш ва улар ўртасидаги уйғунликни таъминлаш мақсадида тегишли ўзгартишлар киритиляпти.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, сиёсий партиялар фракциялари томонидан берилган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти ҳужжат матнида акс эттирилди. Лойиҳаинг номига ўзгартириш киритилди. Айрим тушунчаларнинг қўлланилишида уйғунлик таъминланди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва назоратининг самарали йўлга қўйилишини таъминлаш ҳамда соҳадаги муносабатларни замон талабларига мос равишда ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА