Логотип – бу шунчаки графика эмас. У ташкилотнинг жамоатчиликка ўзини қандай намойиш этишини, қандай қадриятларни илгари суришини акс эттирувчи рамз.
Бунда шакл, ранг ва ёзувлар танлови ҳам тасодифий бўлмайди: улар ўзида ташкилот тарихини ва келажакка қарашини мужассам этади. Халқ банки логотипи ҳам шу маънода ўзига хос: миллий илдизлардан илҳомланган, замонавийликни ифодалаган ва халқ билан ёнма-ёнликни таъкидлаган рамздир.
2019 йилда банк логотипи тубдан янгиланди. Оддий белгидай кўринган уч эгри чизиқ осмон, ер ва сув рамзлари сифатида талқин қилинди. Бу шакл Амир Темур тамғасидан илҳомланиб яратилган бўлиб, бир қарашда инсон қиёфасини ҳам эслатади. Бу тасодиф эмас эди: янги логотип банкнинг асосий тамойили — халқ билан ёнма-ён бўлишини ифодалади.
Орадан тўрт йил ўтиб, 2023 йилда логотип яна такомиллаштирилди. Бу сафар олтин ранг ўрнига ривожланиш, барқарорлик ва очиқликни англатадиган ранглар— оқ ва тўқ зангори танланди. «Since 1875» ёзуви қўшилди. Бу ёзув нафақат тарихий санага ишора қилади, балки халқаро ҳамкорлар учун банкнинг илдизлари чуқур, истиқболи ёрқин деган хабарни етказади.
Бир сўз билан айтганда, Халқ банкининг бугунги логотипида барқарорлик, ишонч ва келажакка интилишнинг рамзи мужассам.