Сайтимизда жорий йилнинг апрель ойида “Йўл-йўлакай” рукни остида “Эътибордан четда қолган олис Дуоба қишлоғи” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди.
Мақолада Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг тоғли ҳудудларида жойлашган олис Дуоба қишлоғи ва унга олиб борувчи йўлнинг абгор аҳволи ҳақида сўз юритилганди.
Ўшанда қишлоқ одамлари ҳудудда тўхтаб қолган тараққиёт, сифатсиз тиббий хизмат, имкони йўқ тадбиркорлик ва бошқа ҳаётий муҳим муаммоларни носоз йўл билан боғлашганди.
Мазкур масала юзасидан туман масъулларидан изоҳ сўраганимизда жорий йилнинг иккинчи ёки учинчи чоракларида ҳашар йўли билан қум-шағал аралашмаси ётқизиб берилиши ва муаммо бартараф қилиниши ҳақида ваъда беришганди.
Ниҳоят яқинда масъуллар ваъдасида туриб, ушбу йўлни таъмирлаётгани, тоғликларнинг узоқ йиллик орзулари ушалаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб, уларнинг хурсандчиликларига шерик бўлишни мақсад қилдик ва Дуобага йўл олдик.
Машаққатли тоғ йўлларидан юриб, Дуоба қишлоғи бошланадиган манзилга бориб тўхтадик. Йўллар махсус техникалар ёрдамида обдон текисланиб, қум-шағал аралашмаси ётқизилганини, тоғдан тушиб келаётган техникалар муаммосиз қатнаётгани гувоҳи бўлдик. Яёв юриб, янгиланган йўлни тасвирга олар эканмиз, Дуобадан келаётган “Нива” машинасини тўхтатдик. Ҳайдовчини суҳбатга чорлаб, таъмирланган йўл юзасидан фикрларини тингладик.
<iframe width="750" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VfywHSlm9Sw" title="Uzoq yillik yo‘l muammosiga barham berildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Асти қўяверинг, ака, йўлнинг олдинги аҳволи тинкамизни қуритарди, – дейди дуобалик Ориф Шарипов. – Зарур ишимиз бўлмаса, пастга тушмасдик. Ёғингарчилик кунларда эса умуман уйдан чиқмасдик. 2-3 километрлик масофани икки-уч соатда зўрға босиб ўтардик. Мана орзуларимиз ушалди. Йўлларимиз таъмирланди. Бундан, айниқса, биз ҳайдовчилар жуда хурсандмиз. Бунинг учун муаммомизга алоҳида эътибор қаратган барча-барчага раҳмат.
Йўлнинг баланд жойлари пасайтирилиб, тор жойлари кенгайтирилган. Қалин қум-шағал аралашмаси ётқизилиб, анчагина текис ҳолга келтирилган.
Қишлоққа машинада қийналмай кириб бордик. Маҳалла оқсоқоли Маҳманазар Шарипов келаётганимизни эшитган, шекилли, олдимизга пешвоз чиқди ва ҳудудида амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан мамнун эканини таъкидлади.
– Ўзим кўп бора қишлоқдаги оғир беморларни пастга машинамда минг азобларда олиб тушганман, – дейди М.Шарипов. – Қиш-қировли кунларда 5 соатлаб вақтим кетган. Бу муаммо бизни кўп йиллардан буён қийнаб келади. Эсимни таниганимдан буён бирор марта бу йўл таъмирланганини эслай олмайман. Йўлнинг ёмонлиги сабаб, меҳмонларимиз ҳам келишга юраги безилларди. Оғир беморларнинг аҳволинику тасаввур қилаверинг. Мана ниҳоят қишлоққа келувчи йўл обод қилинди. Таъмирлаш ишлари бошланар экан, қишлоғимизнинг ёшу қари эркаклари ҳашарга отланишди. Ахир, узоқ йиллик муаммомиз ҳал бўлаётгандида. Энди ҳаётимиз ўзгаради, насиб бўлса. Одамларимиз деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотларини сотиш орқали яхшигина даромад қилишади, турмуши фаровонлашади.
Тумандаги Ҳисорак маҳалласига қарашли ушбу кичик қишлоқда бугунги кунда 247 нафар аҳоли, 49 хўжалик, 58 та оила истиқомат қилади. Асосий тирикчилиги чорвачилик, картошкачилик ва боғдорчиликдан. Дуобаликлар етиштирган, булоқ сувларига тўйинган картошка ва олмаларнинг таъми ўзгача, бозорларда харидоргир. Аммо йўл муаммоси туфайли харидорлар ҳадеганда қишлоққа чиқиб бора олмасди. Чиққанда ҳам маҳсулотни арзон гаровга сўрарди. Қишлоқ одамлари етиштирган сифатли маҳсулотини паст нархда сотишга мажбур эди.
[gallery-25198]
– Ушбу тоғли қишлоқдан кўп йиллар давомида йўл масаласи бўйича мурожаатлар келиб тушган, – дейди туман ободонлаштириш бошқармаси ички хўжалик йўллари бўлими бошлиғи Актам Бобоқулов. – Ушбу мурожаатларнинг ижроси юзасидан Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида Дуоба қишлоғига олиб борувчи 2 километр 60 метр йўлга ҳашар йўли билан қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Таъмирлаш ишларида махсус техникалар ёрдамида ўн кун давомида 200 "Камаз" машинасида келтирилган аралашма ишлатилди.
Ҳа, йўл муаммосининг бартараф этилиши дуобаликларнинг ҳаётини ўзгартирибгина қолмай, уларнинг турмушига фаровонлик олиб келади. Ҳудудда драйвер йўналишлардан саналган деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик янада ривожланади. Албатта, бу қишлоқдаги ҳамма ишлар жойига тушиб кетди, дегани эмас. Ҳали тиббий хизмат, таълим, сув таъминоти билан боғлиқ қатор муаммолар навбатда турибди. Лекин қишлоқ аҳолиси битта бўлсада, муаммоси ечилганидан, қишлоққа ислоҳотлар шабадаси етиб келганидан мамнун ва бу ўзгаришларнинг бардавом бўлишидан умидвор.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари