Хитойда каратэ (WKF) бўйича ўсмирлар, ёшлар ва 21 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ўтказилган XXIV Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 12 та медаллар шодасини қўлга киритди.
28 та мамлакатнинг 500 нафардан ортиқ ёш каратэчилари қатнашган чемпионатда мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 2 та кумуш ва 8 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умумжамоада 3-ўринни эгаллади.
Чемпионатда 1-ўрин 10 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронзага эга чиққан каратэ ватани Япония жамоасига насиб этган бўлса, 2-ўрин 3 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронзага эга чиққан Эрон жамоасига насиб этди.
Чемпионатда терма жамоамиз аъзоларидан Солижон Сойипов 52 килограмм вазн тоифаси саралашида Япония, Жанубий Корея, Қозоғистон каби бир қатор давлатлар вакилларини доғда қолдирди. Финалда Таиланд каратэ терма жамоаси аъзоси Сангтонга Тхавинни мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳиби бўлди.
Терма жамоамизга иккинчи олтин медални 76 килограммда жанг олиб борган Бекзод Зоиров келтирди. У финалда эронлик Миада Шафейи Зирдехини татамидан бош эгиб чиқишга “кўндирди”.
Шунингдек, ёш каратэчилар иштирокидаги қитъа чемпионатида ҳамюртларимиз Моҳинур Тешабоева -53 кило оғирликда, Сардор Баҳромов -76 килограммда кумуш медалларга эгалик қилгани мамлакатимизда мазкур спорт тури жадал ривож топаётганидан, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев,
ЎзА