Бугун, 8 сентябрь куни футбол бўйича "CAFA Nations Cup" турнирининг сўнгги ҳал қилувчи финал учрашуви бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Эрон термаси билан рақобатлашади.

Мазкур учрашув пойтахтимиздаги “Олимпия” стадионида маҳаллий вақт билан соат 19:30да бошланади.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг таклифига биноан, ФИФА президенти Жанни Инфантино юртимизга ташриф буюрди. Ташриф доирасида у Ўзбекистонда футболни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни муҳокама қилиш, Миллий футбол маркази билан яқиндан танишиш ҳамда “CAFA Nations Cup – 2025” мусобақасининг финал учрашувини стадиондан томоша қилишни режалаштирган.
ФИФА делегациясини Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда бошқа расмийлар кутиб олишди.

Маълумот ўрнида: "CAFA Nations Cup" турнирининг учинчи ўрин учун кечадиган беллашувида Ҳиндистон ҳамда Ўмон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Ушбу баҳсга Тожикистон давлати мезбонлик қилади.
Ж.Тошхўжаев,
ЎзА