Ватанимиз тарихидаги 7 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Амир Темур Конигилдаги Боғи дилкушода катта тўю томошо бошлади. Тўй қирқ кун давом этди. Тўй тантаналарида Амр Темурга тобеъ барча мамлакатларнинг подшоҳлари, шаҳзодалари иштирок этди. Тўйнинг охирида Шоҳрух Мирзонинг фарзандлари Мирзо Улуғбек билан Иброҳим Султон, Мироншоҳнинг ўғли Ийжал мирзо, Умаршайхнинг ўғиллари Сайди Аҳмад билан Пирмуҳаммад, шулар қатори Мирзо Бойқаро ҳам уйлантириб қўйилди. Мирзо Улуғбекка марҳум Муҳаммад Султоннинг қизи Ўгай бегимни олиб бердилар.
1867 йил (бундан 158 йил олдин) – Илонўтти дарасидаги темурийзода Мирзо Улуғбек ва шайбонийзода Абдуллахон II томонидан қоятошга битилган ёзувларни ўрганиш мақсадида Санкт-Петербург шаҳридан ҳарбий, тарихчи-олим Александр Кашеев кузатувида ареонтолог ва археолог П.Лерх Жиззахга келди. Бу ёш тарихчи олим қатор тилларни биларди. У 1858–1859 йилларда бир неча бор Ўрта Осиё тарихини ўрганишга қизиқиб, полковник Игнатьев бошчилигида элчилик миссияси билан Хива ва Бухорога келган ва ўшанда бир қанча қимматбаҳо қўлёзма ва тангаларни Россияга жўнатган эди. Илонўтти дарасидаги кузатув ишлари шарқшунос П.Лерхни ниҳоятда қизиқтиради. У махсус нарвон ёрдамида қояга чиқиб олиб, иккала ёзувни ҳам тасвирга туширади ва Санкт-Петербургга олиб қайтади. Ҳар иккала ёзув русчага ўгирилиб, унинг илмий мақоласида эълон қилинади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Илонўтти дарасидаги қоятошда иккита ёзув сақланган бўлиб, биринчиси Мирзо Улуғбекнинг 1425 йил Мўғулистон юриши ҳақида бўлса, иккинчиси, ундан сал қуйироқда Абдуллахон тилидан ёзилган. Абдуллахон 1571 йили Жиззахда Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон)нинг ўғиллари – Бобохон, Дарвешхонлар бошлиқ қўшинни мағлуб этгач, ушбу битиктошни форс тилида, араб имлосида ўйиб ёздирган.
1897 йил (бундан 128 йил олдин) – актёр ва режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Абдуваҳоб Азимов таваллуд топди (вафоти 1964 йил). У Ҳамза билан бирга Андижон театрини ташкил қилишда қатнашган. Труппанинг ташкилий даврида Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”, “Фарғона фожиаси” спектаклларида режиссёрлик ва актёрлик қилган. Абдуваҳоб Азимов ҳажвий характерли ролларни зўр маҳорат билан ўйнаган. Муболаға, мимика ва саҳна нутқи воситаларидан усталик билан фойдаланган. У Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театрининг ташкилотчиларидан бири бўлган.
1908 йил (бундан 117 йил олдин) – файласуф олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Иброҳим Мўминов таваллуд топди (вафоти 1974 йил). У 1956 йилдан академиянинг вице-президенти бўлган. Иброҳим Мўминов Навоийдан тортиб, Аҳмад Донишгача бўлган йирик мутафаккирлар ижодини тахлил килди. Унинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” асари (1968), умуман Амир Темур шахсини илмий ўрганиш ташаббуси билан чиқиши олимнинг илмий жасорат ва юксак ватанпарварлик фазилатининг ёрқин ифодаси бўлди. Иброҳим Мўминов Ўзбекистонда фалсафа мактабига асос солди. У вафотидан сўнг, 2003 йилда “Буюк хизматлари учун”ордени билан мукофотланди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – Ўзбекистонда армия учун иссиқ кийим-бош тўплаш тадбири бошланди. Ўзбекистон аҳолиси биргина 1941 йилнинг сентябрь, октябрь, ноябрь ойлари мобайнида 1 миллион 174 минг 972 жуфт кигиз этик, 2 миллион 767 минг 232 кг жун, 5 миллион 213 минг 107 дона калта пўстин, 1 миллион 293 минг 818 дона пахталик шим, 2 миллион 62 минг 706 дона қўй тери ва бошқаларни топширдилар.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасида мустақил сиёсатни рўёбга чиқариш, ташқи иқтисодий фаолиятга хизмат кўрсатишни таъминлаш ва унинг самарадорлигини ошириш, республиканинг валюта маблағларини жамлаш ва улардан аниқ мақсадни кўзлаб фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ташкил этилди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Камбоджа Қироллиги билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон алпинизми тарихида биринчи марта республикамиз алпинистлари гуруҳи иккита баланд чўққи – Хонтангри (6995 метр) ва Ғалаба (7439 метр) чўққиларини забт этишди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – ўзбекистонлик ҳунармандлар Германиянинг Ганновер шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кўргазмаси “ЭКСПО–2000”да қатнашди. Унда жумладан, марғилонлик атлас тўқувчи ҳунарманд Муҳаммаджон Каримов қўлда тўқилган атласларини намойиш этди. Бундан ташқари бухоролик зардўз Шоира Соибова, хивалик ёғоч ўймакор ҳунарманд Шавкат Жуманиёзов ясаган миллий ҳунармандчилик буюмлари европаликларда катта таассурот қолдирди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – ўзбек матбуотидa Англиядан келган хушхабар эълон қилинди. Ўзбек кураши халқаро уюшмаси ташкил этилган куннинг икки йиллигини нишонлаш юзасидан Британия кураш уюшмасида 1 октябрда барча ёшдаги эркак ва аёллар ўртасида кураш турнири ўтказишга қарор қилди. Турнир Лондон яқинидаги Бедфорд шаҳарчасида ўтказилди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – ўзбек журналистикаси тарихида биринчи марта нодавлат телеканаллар икки палатали парламент сайловлари жараёнини ёрита бошлади. Яъни сайлов жараёнида аҳолинининг фаоллигини ошириш, уларнинг мамлакат ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан ёндашишини таъминлаш мақсадида теледастурлар тайёрланди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида «Эски шаҳар» туризм зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонлари қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА