Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Ўмон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги давраси ўтказилди.
Делегацияларга мамлакатимиз ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ва ҳамкор томон ташқи сиёсат идораси етакчисининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Шайх Халифа бин Али Ал-Харисий раҳбарлик қилди.
Музокарада ўзаро муносабатнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, парламентлараро алоқани, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасидаги шериклик кўламини кенгайтиришга тайёрликларини тасдиқладилар. Ташқи савдони кучайтириш ва диверсификация қилиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўришга келишиб олдилар.
Шунингдек, маданий-гуманитар, яъни таълим, илмий-тадқиқот ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масаласи ҳам кўтарилди. Халқаро ва минтақавий кун тартибига доир айрим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Маслаҳатлашув якунида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.
М.Пирматова, ЎзА