Аждодларимизнинг фарзанд тарбиясига миллий қадрият сифатида қараганида катта маъно бор. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кечаётган бугунги давр бола тарбиясига янада эътиборли бўлишни, уларни қаровсиз ва назоратсиз қолдирмасликни талаб қилмоқда. Ёш авлод таълим-тарбиясида нафақат ота-онанинг, балки таълим муассасалари вакилларининг ҳам ўрни катта.
Негаки, бугунги тезкор даврда эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши афсуски кузатилмоқда. Дунёқараши кенг, турли ёт ғояларга қарши тура оладиган, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ёшларни камол топтириш долзарб вазифа. Бу борада ота-она ва таълим муассасаси ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилиши зарур.

Шу мақсадда бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” доирасида талабаларнинг ота-оналари ҳамда Академия раҳбарияти ўртасида “Ота-оналар конгресси” бўлиб ўтди.
“Ота-оналар конгресси”ни Академия проректори Ҳабибулло Садибақосев очиб берди. Академия проректори ўз сўзида сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, улуғ аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга бўлган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси нафақат юртимиз, балки минтақамиздаги энг нуфузли ва шарафли ўқув муассасаси ҳисобланади. Академияда жамият ривожига ҳиссасини қўшадиган, ўз соҳасининг малакали мутахассисларини камолга етказиш устувор вазифа саналади.

Мулоқот давомида бугунги кунда Академияда олиб борилаётган таълим тизими ва ўқув жараёнлари, ички тартиб-қоидалар ва талаба-ёшлар сифатли билим олиши учун яратилган шароитлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Суҳбат давомида масъуллар томонидан талабаларга яхши таълим бериш билан чекланиб қолинмай, уларнинг тарбияси, хулқи-одоби бошқаларга ўрнак бўлиши кераклиги, бу борада Академия ва ота-она ҳамкорлиги йўлга қўйилиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Зеро, давлатимиз раҳбари ҳам ўз маърузаларида ёшлар таълим-тарбиясига қайта-қайта мурожаат қилишлари бежиз эмас.
Мулоқот давомида Академия профилактика катта инспектори Муҳриддин Ҳикматов ҳам сўз олиб, ёшлар орасида учраётган жиноятчилик ҳолатларини бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
Тадбирда ота-оналар ҳам сўз олиб, фарзандларига сифатли таълим ва тарбия бериб келаётган Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда мутасаддиларга миннатдорлик билдиришди.
Самимий мулоқот шаклида олиб борилган учрашувда атрофлича фикр алмашилди ва ота-оналарнинг таклиф-мулоҳазалари тингланди.

Тадбирдан сўнг ота-оналар Академия фаолияти билан яқиндан танишишди. Муассаса ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар – Юнусхон, Шайх Хованди Тоҳур ҳамда Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларига зиёрат уюштирилди.
Ташриф давомида алломалар ҳаёти, илмий мероси, мақбаранинг бугунги кундаги аҳамияти, бу ерга келадиган зиёратчилар ташрифи тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, ота-оналар “Манбалар хазинаси” фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, у ерда сақланаётган ислом динига оид нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар, “Усмон Мусҳафи” ҳамда “Лангар Қуръони”нинг нусхаларини кўздан кечиришди.
“Манбалар хазинаси” бўлими ўз фаолиятини (Тошкент ислом университети) ташкил этилганидан бошлаб, шу кунгача давом эттириб келмоқда. Мазкур бўлимнинг асосий вазифаси сифатида халқимизнинг диний соҳадаги бой маданий ва тарихий мероси бўлган манбаларни жамлаш, рўйхатга олиш, талаб даражасида сақлаш ва келажак авлод учун етказиш ҳамда илмий тадқиқ қилиш белгиланган.
“Манбалар хазинаси” бўлими ота-оналарда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА