Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатига Венгрия Миллий мажлиси Раиси ўринбосари Иштван Якоб бошчилигидаги парламент делегацияси ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва ишончга асосланган самарали ҳамкорлик ривожланаётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, қурилиш, фан, таълим, инновациялар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорлик ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ўзаро мулоқотда илмий муассасалар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва ёш олимлар ўртасида тажриба алмашиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги мунтазам мулоқот ва делегациялар алмашинуви давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳамда икки томонлама муносабатларни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Томонлар қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларда иштирок этиш ва парламентлараро мулоқотни мазмунан бойитишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА