Халқаро мақом анжуманидан кейинги ўйлар
Зомин сўзининг замирида бир гўзаллик, бир мусиқа бор. Бу ном тилда айтилса, қалбда оҳанг уйғонади. Тасаввурингизда осмонга бўй чўзган тоғлар, булоқларнинг шивирлаши, арчазорлар бағридаги тиниқ ҳаво намоён бўлади. Ва бу масканда мақом янграйди. Оҳанг нафақат эшитилади, балки қалбда, руҳда кечади.
II Халқаро мақом санъати анжумани ўтган йили шу Зоминда ўтказилди. У нафақат санъат байрами, балки инсоният қалбини уйғотган, маънавиятимизни юксалтирган, миллий ўзлигимизни жаҳон саҳнасида яна бир бор намоён этган тарихий воқеа бўлди.

Тўрт кун давомида Зомин осмонида куйлар янгради. Улар нафақат қулоқларга, балки юракларга етиб борди. Турли миллат ва элат вакиллари – 16 давлатдан келган ижрочилар севги, умид, тинчлик ва инсонийлик каби умуминсоний туйғуларни мақом орқали англатдилар. Улар турли тилларда гапирди, аммо оҳанг битта, қалб битта эди.
Мисрлик санъатшунос, профессор Ашраф Абдураҳмоннинг сўзлари бундай анжуманлар таъсирини теран ифодалайди:
– Зомин шаҳри менда чуқур таассурот қолдирди. Халқингиз санъат ва миллий қадриятларни сақлашда намуна. Бу фестиваль мақомнинг жаҳондаги ҳаётида муҳим босқичдир.
У ҳақ. Зоминда янграган мақом табиат билан уйғунлашди. Булоқлар гўё созандаларга ҳамроҳлик қилди, тоғлар эса оҳангни осмонларга таратди. Бу наинки санъат, балки руҳий озуқа, инсоннинг ўз қалби билан юзлашуви эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Мақом халқимизнинг маънавий мероси, миллий ўзлигимизнинг ифодаси, тинчлик ва яхшиликка даъват этувчи руҳий таронасидир” деди.
Ана шу руҳ анжуманда яққол сезилди. Қарийб 400 нафар меҳмон – таниқли санъаткорлар, ёш истеъдодлар, халқаро ташкилотлар ва маданият муассасалари вакиллари иштирок этган тадбир маънавий мулоқот, маданий бирдамлик, юраклар ҳамжиҳатлиги майдонига айланди.

Латвиялик тадқиқотчи Дайго Бондара ўз таассуротларини шундай баён қилди:
– Анжуман мен учун унутилмас тажриба бўлди. Мусиқий меросингиз жуда қадимий ва шу билан бирга замонавий. Унинг ёшларга етказилаётгани маданиятингизнинг юксак даражасини намоён этади.
Зомин номи фақат табиат мўъжизалари билан боғлиқ эмас. У тарих ва маънавият тимсоли. Қадимий “Авесто”да “Зомёд” деб зикр этилган бу ҳудуд асрлар давомида илм ва маданият бешиги бўлиб келган. XII-XIII асрларда яшаб ижод этган Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшонийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари – болалар ҳуқуқлари ҳақидаги улкан манба бу заминнинг маънавий бойлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Анжуманда ана шу тарихга ҳурмат, маданиятга эҳтиром ифодасини топди. Бу фестиваль миллий меросимизни дунё саҳнасига олиб чиқди.

Анжуман доирасидаги кўргазмаларда нафақат мақом, балки халқ ҳаёти, ҳунари, дунёқараши ҳам ўз ифодасини топди.
Сурхондарёнинг Бойсунидан келган “Шалола” этнографик ансамбли аъзоси Бўриқул Жумаев шундай деди:
– Бу чолғу– ғажр-най бизнинг миллий меросимиз. У катта қуш қанот суягидан ясалган. Мен уни қайта тиклаб, ёшларга ўргатяпман. Бу ҳам келажакка ўтадиган мерос.
Жумаевнинг таъбирича, мақом янграган, ғажр-най сукутни бузган жойда миллат руҳи тирик. Унинг қўлидаги 1939 йилдаги асбоб ўтмиш нафасини ҳозирга боғлаган тилсимдир.
Сирдарё вилояти Бахт шаҳридан келган миллий пичоқ устаси Маҳаммаджон Раҳимов эса шундай изоҳлайди:
– Мен бу касбни ота-боболаримдан ўргандим. 51 йилдирки, турли пичоқлар ясаяпман. Уларни бозорга олиб чиқмайман, одамлар уйимга келишади. Бу фестивалда ўз асарларимни намойиш қилиш шарафига муяссар бўлдим.
Унинг тажрибаси фидоийлик намунаси. Бу санъатнинг қўл билан юрак ўртасидаги йўлини кўрсатувчи ҳаёт мактаби.

Бу анжуман Зоминни дунёга бошқача тарзда танитди. Энди бу юрт фақат шаршаралари, арчазорлари, “Бахт кўприги”, Зомин тандири ва қозон патири билан эмас, балки юракларга мусиқа билан сўзлайдиган замин сифатида тилга олинади.
Мақом фақат мусиқа эмас – у руҳнинг садоси, миллатнинг қалбидаги оҳанг. У сўнмайди. У яшайди. У янграйди.
Зоминда янграган мақом қалбларга уйғоқлик олиб кирди.Қалблар тирик экан, мақом яшайди.У яшар экан, миллат маънавияти барҳаёт.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА