Мўғулистон билан савдо қилишнинг бир қатор қийинчиликлари бор. Икки давлат орасидаги масофа тахминан 5 минг километрни ташкил этади. Бу темирйўл орқали етиб бориш имкони бўлса албатта. Автотранспорт орқали масофа янада узаяди. Йўл шароити ва чегарадаги расмийлаштирув жараёнлари билан Қозоғистон ва Россия чегарасидан ўтиб, Муғулистонга ўртача 6-8 кунда кириб бориш мумкин. Бу эса ушбу давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини имконсиз дегани. Лекин шунчалик кўп тўсиқ, қийинчиликлар бўлишига қарамай давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сустлашган савдо алоқалари яна қайта тикланди. Икки давлат раҳбарларининг тарихий учрашувида эришилган келишувлар савдо йўлларини очиб берди.
Ўзбекистон Навоий халқаро аэропорти орқали логистика имкониятларини ҳал қилди, мунтазам рейслар йўлга қўйилди. Энди “Навоий-Улан-Батор” йўналиши бўйлаб ҳар ҳафта камида 4 маротаба ҳаво бандаргоҳидан сархил маҳсулотлар юкланган самолётлар узоқ манзилни яқин қилмоқда.
Икки давлат раҳбарларининг мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Мўғулистонга экспорт ҳажмини ҳар йили ошириб бориш ва яқин келажакда 10 баробарга кўпайтириш чораларини кўриш борасидаги ташаббуслари экспорт географиясида янги қадамларга асос бўлди. Натижа ўзини кўп куттирмади. Куни кеча ҳамкор давлатнинг энг йирик савдо тармоғига яна 10 тоннага яқин мева-сабзавот, жумладан 4 навдаги узум, полиз экинлари, тарвуз етказиб берилди.
Сархил маҳсулотлар Мўғулистоннинг энг йирик савдо тармоқларидан бири “Emart Mongolia” расталаридан алоҳида стендда ўрин эгаллади. Гипермаркет катта истеъмолчилар бозорига эга. Умумий майдони тахминан 43 000м² ни ташкил этадиган тармоқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг ҳар томонлама қулай марказидир.
Бироқ ушбу бозорда ҳам рақобат кучли. Чунки, Мўғулистон аҳоли истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг 90% Хитой, Россия, Германия, Польша, Малайзия, Вьетнам каби давлатлардан кириб келади. Аграр секторда янгича ёндашувни жорий этаётган Ўзбекистон “даладан-дастурхонгача” тамойили остида нафақат сифатли, балки замонавий қадоқланган маҳсулотлар экспортига эътибор қаратаётгани ҳам рақобатда устунлик бермоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасини истеъмолчиларнинг маҳсулотимизга бўлган муносабати ва қизиқишидан ҳам кўриш мумкин.
Масофа узоқ, бироқ кўнгиллар яқин. Дўстлик ришталари асосида мустаҳкамланаётган савдо алоқалари энди чегара билмайди. Узоқ йиллик ҳамкорликни кўзлаган шериклик энг аввало икки давлат аҳлининг фаровонлигига хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/azQAkgxwuNE?si=ZDiUCq8XXiaH8prN" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА