Ўзбекистонда давлат тили мақомини мустаҳкамлаш ва унинг ҳаётнинг барча жабҳаларида тўлиқ қўлланилишини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, аҳоли билан бевосита мулоқот қиладиган хизмат кўрсатиш соҳасида давлат тилига риоя этилиши жамият манфаати учун жуда муҳим.
Шу боис, Рақобат қўмитаси томонидан давлат тилига риоя этиш талабларини бузган тадбиркорларга нисбатан расмий мурожаат юборилиши давлат органлари ушбу йўналишда қатъий позицияда эканини кўрсатади.
Сўнгги вақтларда Қўмитага виза расмийлаштириш хизматлари билан боғлиқ мурожаатлар, хусусан, виза марказлари ва консалтинг фирмаларининг фаолиятида давлат тилига риоя қилинмаётгани юзасидан фуқаролардан кўплаб эътирозлар келиб тушмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятидан фуқаро Х.Эшонқулов “VFS Global” ваколатхонаси хизматларида давлат тили қўлланилмаётгани ҳамда иш юритиш ҳужжатларининг фақат рус ва инглиз тилларида бўлаётганидан норозилигини билдирган.
“Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, ушбу ҳолат бўйича Қўмита томонидан компанияга тегишли чоралар кўриш ва 10 кун ичида жавоб тақдим этиш юзасидан расмий мурожаат юборилди.
Ўзбекистон Республикасида ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлиб, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан унинг қўлланилиши қатъий тартибга солинган.
Қўмита томонидан ушбу ҳолат бўйича белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўрилмоқда ҳамда давлат тилида истеъмолчиларга тўлиқ ва тушунарли ахборот тақдим этилишини таъминлаш масаласи назоратга олинган.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА