4 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўнинчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, корпоратив муносабатларни ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муҳокама давомида эътибор масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятини тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиқиб, уларни тўлдириш зарурати мавжудлигига қаратилди.
Ушбу қонунда жамиятнинг филиаллари ва ваколатхоналарини, шуъба ҳамда қарам хўжалик жамиятларини очиш тартиби, жамият иштирокчиларининг ўртасидаги низоли вазиятни ҳал этиш ҳамда жамият умумий йиғилиши баённомаси нусхаларини иштирокчиларга етказиш масалалари ўз аксини топган. Бундан ташқари, жамият кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби ҳамда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор)нинг ва коллегиал ижро этувчи органларининг мажбуриятлари ҳам назарда тутилмоқда.
Қонун билан жамият нафақат лицензия, балки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёки хабардор қилиш тартибида муайян фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Жамият иштирокчиларига ўз корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартномалар тузиш каби бир қатор ҳуқуқлар берилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, жамият кузатув кенгашининг қарорларини сиртдан овоз бериш ва кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби, кузатув кенгашининг ваколатлари ҳамда миноритар иштирокчилар қўмитасини ташкил этишга оид қоида мустаҳкамланмоқда.
Мажлисда масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, улар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу қонун жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашини, уларнинг улушлари алдов ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилишига йўл қўймаслик учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг оила ва жамиятдан узилиб қолишини олдини олиш, китоб ўқишини рағбатлантириш орқали қонунга итоаткор, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилгандир.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига маҳкумларнинг жазони ўташ муддати улар тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодекси жазони ўташ муддатини шахс тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартиришни назарда тутувчи 741-модда билан тўлдирилмоқда.
Бунда маҳкумлар томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган, маҳкумларда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ушбу норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган (умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари) шахсларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартиришлар бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 13,5 мингдан ортиқ маҳкумларга нисбатан татбиқ этилади.
Шу билан бирга, қонун билан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ҳам профилактик ҳисобга олиш асослари мақбуллаштирилишини ҳамда профилактик ҳисобга олинадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик турлари уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, хусусияти, келгусида жиноий қилмиш содир этилиши мумкинлиги каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 12810 ва 131-моддаларида назарда тутилган, яъни йўл безорилиги ва транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқарганлик учун содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун суд томонидан муайян муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни профилактик ҳисобга олиниши алоҳида тоифа сифатида белгиланмоқда.
2024 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган 11 мингга яқин шахс томонидан 23 582 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг оқибатида 1 019 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, унда 295 нафар фуқаро вафот этган ва 873 нафари жароҳатланган.
Шу боис йўл-патруль хизмати ходимларига профилактика инспекторлари томонидан кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилади ва бу орқали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш ва ўз вақтида аниқлаш имкониятлари кенгайтирилади.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга, профилактик ҳисобга олинган шахслар билан олиб бориладиган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш орқали мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашишга ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Муҳокама чоғида ушбу қонун аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди. Унда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши, суғурта ҳодисаси, суғурталанган шахснинг, суғурталовчининг, суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Қонунда давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари манбалари, суғурта бадали ставкаси, суғурта бадалларини тўловчилар, давлат ижтимоий суғуртаси молиявий барқарорлигининг давлат кафолатлари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш каби қатор масалалар назарда тутилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан ушбу қонуннинг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш лозимлигига эътибор қаратилди.
Хусусан, қонунда ваколатли органнинг ваколатлари ва вазифалари очиб берилмаган.
Шунингдек, сенаторлар томонидан қонунда ўндан ортиқ ҳаволаки нормалар мавжудлигига урғу берилди. Бу эса қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишига салбий таъсир кўрсатишига олиб келиши қайд этилди.
Бундан ташқари, қонун қабул қилиниши натижасида амалдаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш масаласи қонунда назарда тутилмаган.
Сенаторлар ушбу камчиликлар бартараф этилиши лозимлиги хусусида ўзларининг таклифларини билдирди.
Муҳокама натижалари бўйича қонун сенаторлар томонидан рад этилди. Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Норма ижодкорлиги фаолиятида ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, сенаторлар ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлашга тўсқинлик қилувчи, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлган айрим нормаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур қонун билан 12 та қонун ҳужжатига, хусусан, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ҳамда Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга хизмат қилишига эътибор қаратди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра ялпи мажлисда “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан ушбу қонунни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ислоҳотлар жараёнида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу қонунда ижро ҳужжатлари асосида аукцион савдоларида сотилмаган мол-мулк ундирувчига натура шаклда ўтказилаётганда рўйхатдан ўтказувчи идора томонидан қўйилган барча тақиқлар давлат ижрочисининг қарори асосида бекор қилиниши белгиланмоқда. Бунда давлат ижрочисининг қарори мол-мулкни тақиқларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда бир қатор илғор давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилгани ҳамда инобатга олингани таъкидланди.
Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, мол-мулкка нисбатан қўйилган таъминловчи чоралар давлат ижрочисининг қарорлари асосида бекор қилинишига, кредит ташкилотларининг муаммоли активлар улушини камайтиришга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг Сенатнинг ялпи мажлисида “Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари янада жадаллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қизғин муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Ушбу қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш, реализация қилиш ҳамда табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси фаолиятини лицензиялаш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш, реализация қилиш ҳамда табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишга давлат божи миқдорларини белгилаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳокама жараёнида сенаторлар мазкур қонун қора ва рангли металл парча ва чиқиндилари ҳамда табиий газ савдоси соҳасига хусусий секторни ва янги инновациялар ҳамда инвестицияларни жалб этишга, шунингдек, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга хизмат қилиши хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим хизматларини кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда таълим сифатини янада яхшилаш, аҳоли барча қатламларининг таълим олишга бўлган конституциявий кафолатларини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, мазкур қонун ҳам ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги ишларни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларнинг олдини олишга қаратилган.
Қонун билан киритилаётган асосий ўзгартириш шундан иборатки, “мактабдан ташқари таълим” атамаси илғор халқаро талабларга мувофиқ “қўшимча таълим” атамаси билан алмаштирилмоқда.
Шунингдек, “қўшимча таълим” атамасига таъриф берилиб, у болалар учун қўшимча таълим ва катта ёшдагилар учун қўшимча таълим турларига ажратилмоқда.
Бундан ташқари, давлат қўшимча таълим муассасалари таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Бунда болалар учун нодавлат қўшимча таълим фаолияти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини, катта ёшдагилар учун эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан ушбу қонуннинг қабул қилиниши таълим турлари бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд номувофиқ ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ноширлик фаолияти соҳасини такомиллаштиришга, сифатли адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлашга, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 590 тага етди, шундан 90 фоизини (531 та) хусусий нашриётлар ташкил этмоқда.
Бугунги кунга келиб нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда 40 миллион нусхада адабиётлар нашр этилмоқда.
Соҳани ривожлантириш мақсадида 25 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритилган. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилди.
Шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги ижтимоий муносабатлар, олиб борилган ўрганишлар натижалари “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормаларини такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Сўнгги пайтларда чоп этилаётган китобларда болаларнинг ёш хусусиятларига мос бўлмаган ва онгига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлар акс этгани, айримлари амалдаги давлат стандартлари талабларига мос келмаслиги, тарихий фактлар нотўғри тарзда берилгани, ноаниқ ва илмий исботланмаган маълумотлар баён этилгани аниқланган.
Мазкур қонун “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини белгилашга, китобхонлик маданиятини рағбатлантиришга қаратилган тузатишлар киритишни назарда тутади.
Қонунда бош муҳаррир нашриёт таҳририятининг ижодий фаолиятига раҳбарлик қилиши, нашриётнинг мавзу режалари ишлаб чиқилиши ҳамда нашрларнинг қонунчилик талабларига, ноширлик фаолияти соҳасидаги техник регламентлар (миллий стандартлар) талабларига мувофиқ тайёрланиши учун масъул эканлиги белгиланмоқда.
Эндиликда бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланади. Бош муҳаррир ташкилотнинг муассиси (муассислари) ёки раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Бундан ташқари, нашриёт нашрларини чиқариш тўғрисидаги қарор бош муҳаррир томонидан қабул қилиниши, у нашриётнинг ижодий фаолияти учун жавобгар эканлиги каби нормалар мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, қонун билан китобхонликни рағбатлантириш китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш тамойили сифатида белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун китобларни миллий стандартлар асосида чоп этишга, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид мазмундаги ахборотларнинг тарқатилишининг олдини олишга ҳамда жамиятда китобхонлик маданиятини, нашриётларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт соҳасини ривожлантиришга, ташишларнинг хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга, транспорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, транспортда ташишларга нисбатан қўйиладиган талаблар ва шартларга амал қилиниши борасида ташувчиларнинг масъулиятини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда коррупцияга барҳам бериш, транспорт соҳасидаги назоратнинг самарадорлигини янада ошириш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Шунингдек, транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилганлиги муносабати билан қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилмоқда.
Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Транспорт тўғрисида”ги қонунларга транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда ташишлар самарадорлигини ва сифатини ошириш орқали юк ҳамда йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланганидек, 2023 йил давомида метрополитенда 172 миллион, йўловчи поездларда 9 миллион 300 минг йўловчи ташилган бўлса, 2024 йилда метрополитенда 270 миллион, йўловчи поездларда 10 миллион 70 минг, шунингдек, автомобиль транспортида 8 миллиарддан ортиқ йўловчиларни ташишга эришилди. Бундан ташқари, 2024 йил давомида темир йўл транспортида 102,7 миллион тонна юк ташилган бўлса, автомобиль транспортида 2 миллиард тоннадан ортиқ юк ташилган.
Бу эса ўз навбатида давлат назоратини амалга оширишда йўловчи ва юкларни манзилига ўз вақтида хавфсиз етказиш, уларга хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксизлиги, сифатлилиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш лозимлигини тақозо этмоқда.
Амалдаги қонунчиликда темир йўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганида Транспорт назорати инспекцияси юридик шахсга нисбатан фақат кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.
Жумладан, темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 та ҳодиса содир этилган. Натижада ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 миллиард сўм моддий зарар етказилган. Худди шунингдек, мамлакатимиз автомобиль йўлларининг тартибга солинмаган темир йўллари кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспорт воситалари иштирокида 2024 йилда 38 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Шу боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 1131-модда билан тўлдирилиб, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Муҳокама қилинаётган қонун билан халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан қонун транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда юк ва йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати