Транспорт соҳасидаги назоратнинг самарадорлигини янада ошириш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида” ҳамда “Транспорт тўғрисида”ги қонунларга транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ташишлар самарадорлиги ва сифатини ошириш орқали юк ҳамда йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
2023 йил давомида метрополитенда 172 миллион, йўловчи поездларда 9,3 миллион йўловчи ташилган бўлса, 2024 йилда метрополитенда 270 миллион, йўловчи поездларда 10 миллиондан зиёд, шунингдек, автомобиль транспортида 8 миллиарддан ортиқ йўловчиларни ташишга эришилди. Бундан ташқари, 2024 йил давомида темир йўл транспортида 102,7 миллион тонна юк ташилган бўлса, автомобиль транспортида 2 миллиард тоннадан ортиқ юк ташилган.
Бу эса, ўз навбатида, давлат назоратини амалга оширишда йўловчи ва юкларни манзилига ўз вақтида хавфсиз етказиш, уларга хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксизлиги, сифатлилиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш лозимлигини тақозо этмоқда.

Амалдаги қонунчиликда темир йўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганида Транспорт назорати инспекцияси юридик шахсга нисбатан фақат кўрсатма бериш ҳуқуқига эга. Жумладан, темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 ҳодиса содир этилган. Оқибатда темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 миллиард сўм зарар етказилган. Шунингдек, автомобиль йўлларининг тартибга солинмаган темир йўллари кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспорт воситалари иштирокида 2024 йилда 38 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 113-1-модда билан тўлдирилиб, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузганлик – базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда юк ва йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА