Ноширлик фаолияти соҳасини такомиллаштириш, сифатли адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун шу ишларнинг мантиқий давомидир.
Кейинги 4 йилда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 590 тага етди, шундан 90 фоизини хусусий нашриётлар ташкил этмоқда.

Бугунги кунга келиб нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда 40 миллион нусхада адабиётлар нашр этилмоқда.
Соҳани ривожлантириш мақсадида 25 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритилган. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилди.
Вужудга келаётган янги ижтимоий муносабатлар, олиб борилган ўрганишлар натижалари “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормаларини такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатган. Чоп этилаётган китобларда болаларнинг ёш хусусиятларига мос бўлмаган ва онгига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлар акс этгани, айримлари амалдаги давлат стандартлари талабларига мос келмаслиги, тарихий фактлар нотўғри тарзда берилгани, ноаниқ ва илмий исботланмаган маълумотлар баён этилгани аниқланган.

“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, китобхонлик маданиятини рағбатлантиришга қаратилган тузатишлар киритилмоқда.
Қонунда бош муҳаррир нашриёт таҳририятининг ижодий фаолиятига раҳбарлик қилиши, нашриётнинг мавзу режалари ишлаб чиқилиши ҳамда нашрларнинг қонунчилик талабларига, ноширлик фаолияти соҳасидаги техник регламент (миллий стандарт)лар талабларига мувофиқ тайёрланиши учун масъул экани белгиланмоқда.
Эндиликда бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланади. Бош муҳаррир ташкилотнинг муассиси ёки раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Бундан ташқари, нашриёт нашрларини чиқариш тўғрисидаги қарор бош муҳаррир томонидан қабул қилинади. У нашриётнинг ижодий фаолияти учун жавобгар бўлади.

Қонун билан китобхонликни рағбатлантириш – китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш тамойили сифатида белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун китобларни миллий стандартлар асосида чоп этиш, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид мазмундаги ахборотлар тарқатилишининг олдини олиш ҳамда жамиятда китобхонлик маданияти, нашриётларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА