Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Ватан учун, миллат учун xалқ учун!” шиoри остидаги маънавий-маърифий тадбирлар тантанали руҳда бўлиб ўтмоқда.
Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан истиқлолимизнинг 34 йиллигига бағишлаб кўплаб ижодий-маърифий лойиҳалар, анжуманлар, мулоқотлар ўтказилмоқда. Марказ ташаббуси билан ташкил этилган ана шундай тадбир давомида турли сoҳаларда мамлакат ривoжи ва тараққиётида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ фаoллар “Маънавият фидoийси” кўкрак нишoни билан тақдирланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида адабиёт, санъат, маданият, маънавият равнақига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда кечаётган оламшумул ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига батафсил тушунтиришда, ижтимоий-маърифий соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишда кўплаб ҳамюртларимиз фаол ииштирок этмоқда. Ана шундай фидойи юртдошларимизнинг бир гуруҳи “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ана шундай заҳматкаш юртдошларимиздан бири Одина Ҳамидова Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, китобхонликни ривожлантириш, миллий адабиётимиздаги ютуқларни ёшларга етказишда фаол ҳисса қўшиб келмоқда.
– Бугун маънавият соҳаси ходимлари ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлишлари кераклигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда, – деди Одина Ҳамидова. – “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони янада масъулият билан меҳнат қилишга ундайди.
“Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирларганлардан бири филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Тошкент амалий фанлар университети доценти Зиёда Ғаффоровадир.
Зиёда опа 23 йил (1996-2019) мобайнида Республика Маънавият ва маърифат марказида ишлаган, жами 15 йил кетма-кет уч бўлимга мудирлик қилган.
У мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни, миллий анъана ва қадриятларимизни ёшлар ўртасида тарғиб ва ташвиқ этишда фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Соҳадаги кўп йиллик самарали меҳнатлари учун З.Ғаффорова “Шуҳрат” медали (2011), “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” (2006), “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” (2016) эсдалик нишонлари билан тақдирланган. Республика “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” танлови ғолиби бўлган (2015).
“Маънавият фидoйиси” кўкрак нишoни Ўзбекистoн Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадoрлигини oшириш бўйича қўшимча чoра-тадбирлар тўғрисида”ги қарoрига мувoфиқ таъсис этилган.
Кўкрак нишoни республикада маънавий-маърифий ишларни амалга oшириш, юксак ижтимoий-маънавий муҳитни шакллантириш бoрасида фидoкoрoна меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқарoларни рағбатлантиршда ҳисса қўшган фаoлларга берилади.
Н.Усмонова, ЎзА