Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий масалаларда иштирокини кучайтириш, фуқароларнинг ташаббуслари асосида бюджет маблағларини йўналтиришда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси муҳим ўрин эгаллади. Ушбу лойиҳа орқали маҳаллий аҳамиятга эга йўллар, мактаблар, боғчалар, ичимлик суви ва бошқа ижтимоий инфратузилмаларнинг таъмири ёки қурилиши бўйича аҳоли овози асосида бюджет маблағлари ажратилиши йўлга қўйилди.
Бироқ, бу жараён билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам юзага келмоқда. Жумладан, сўнгги вақтларда овозларни сунъий ошириш, уларни моддий рағбат эвазига йиғиш, аҳолининг нотўғри ёки етарли бўлмаган ахборот асосида овоз беришга ундаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса лойиҳанинг асл моҳияти бўлмиш фуқаролик фаоллиги, адолат ва шаффофлик тамойилларига путур етказиши табиий.
“Ташаббусли бюджет” – халқчил лойиҳа. Ҳар бир фуқаро ўз ҳудудидаги долзарб муаммоларни илгари суриб, улар учун овоз бериши ва энг кўп овоз тўплаган ташаббусларга давлат бюджетидан маълум миқдорда маблағ ажратилади. Бу орқали фуқаролар ўз ҳаётларига бевосита таъсир кўрсатиш имконига эга бўлишади.
Таъкидлаш жоизки, бу амалиёт Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг шаклланишида катта қадам бўлди. Чунки илгари бундай имкониятлар деярли мавжуд эмас эди. Энди эса ҳар бир фуқаро ўз овози билан қайси мактаб таъмирланишини ёки қайси йўл асфальт қилинишини белгилай олади.
Аммо, сўнгги пайтларда лойиҳага алоқадор овоз йиғиш жараёнларида айрим салбий ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Кўпинча овозлар “сотиб олинмоқда”. Ёғ, ичимликлар, мобил тўловлар, интернет трафиклар эвазига фуқаролардан овоз йиғиляпти. Бу эса уларнинг овоз бериш қарорини манипуляция қилади.
Айрим учинчи шахслар фуқароларга “Aгар овоз берсангиз, сизга пул ёки совға берилади” дея нотўғри маълумотлар тарқатмоқда. Бу эса лойиҳа ишончлилигига путур етказади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий ахборот канали шу хусусда маълумот берди. Унда келтирилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Телеграм ботлари орқали “Ташаббусли бюджет” жараёнларига овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этилиши ва учинчи шахслар лойиҳаларга овоз тўплаш мақсадида пул маблағлари ёки моддий қимматликлар ваъда қилган ҳолда фуқаролардан овоз тўплаб, кейинчалик мукофотларни бермаслиги ҳолатлари кузатилган. Амалдаги тартибга кўра, берилган овозлар учун ҳеч қандай тўлов талаб этилмаслиги билан бир қаторда, ҳеч қандай моддий рағбатлантириш ҳам назарда тутилмаган. Мутасаддилар аҳолини шахсий маълумотларни ҳеч кимга тақдим этмаслиги ва фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслиги бўйича огоҳлантирди.
Кўп ҳолларда, фуқаролар “овози учун” қандайдир рағбат олаётганини ўз фойдасига деб ўйлайди. Бироқ, бу орқали уларнинг овозлари ҳақиқий муҳтожликларга эмас, сунъий ташаббусларга хизмат қилмоқда. Аслида бу ҳаракатлар фуқаролик онгининг етарли даражада шаклланмагани ва лойиҳа мазмуни ҳақида аниқ тушунчага эга бўлмаслик оқибатида келиб чиқмоқда.
Дунёда кўплаб давлатлар фуқароларни ижтимоий фаол бўлишга ундашда креатив ва қонуний усуллардан фойдаланади. Мисол учун, турли ахборот компаниялари, тарғибот материаллари, оммавий муҳокамалар ва жамоавий йиғилишлар шулар жумласидан.
Айрим Ғарб давлатларида “cоffее-break” шаклидаги йиғилишлар орқали аҳолини жалб қилиш ҳолатлари кенг тарқалган. Аммо бу ерда асосий мақсад ахборот етказиш ва жамиятни муҳокамага тортиш, овоз эвазига моддий нарса ваъда қилиш эмас.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида келиб чиқаётган муаммолар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва лойиҳани ҳақиқатан халқ манфаати йўлига йўналтириш учун аввало, моҳиятни тўлиқ англаш зарур. Бунда, овоз бериш тартиби ва овоз беришда қатнашишнинг масъулияти ҳақида кенг тарғибот ишлари олиб борилиши, овозлар сони билан бир қаторда ташаббуснинг аҳамияти, жамоага таъсир доираси ва долзарблиги ҳам баҳоланиши керак. Қолаверса, аҳоли фирибгарларга алданиб қолмаслиги учун ҳуқуқий саводхонлиги етарли бўлиши лозим.
“Ташаббусли бюджет” – бу нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ўз тақдирига бефарқ бўлмаслигини рағбатлантирувчи муҳим лойиҳа. Унинг муваффақияти, аввало, ҳар бир фуқаронинг виждонли иштирокига, ахборотга асосланган қарорига ва энг муҳими, шаффофликка боғлиқ.
Шундай экан, ҳар биримиздан талаб қилинадигани бефарқликдан воз кечиш, фаоллик ва ҳалоллик билан ижтимоий ҳаётда иштирок этишдир. Чунки бу лойиҳа орқали ҳал қилинадиган масалалар, аслида, ҳар биримизнинг эртанги кунимизни белгилайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА