Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, 2025 йил 5 сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида “Оҳангарон-Пунгон” магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади.
Бу вақтинчалик чеклов Фарғона водийсининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қурилган қўшимча магистрал газ қувурини тармоққа улаш ишлари олиб борилиши билан боғлиқ.
Қайд этиш керакки, истеъмолчиларни табиий газ билан ишончли таъминлаш мақсадида Давлат дастурлари доирасида магистрал газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, Фарғона водийси истеъмолчиларига хизмат қиладиган “Оҳангарон-Пунгон” магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 километрлик қўшимча қувур қурилиши якунига етказилди.
Янги қувурнинг ишга туширилиши водий вилоятлари истеъмолчиларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш имкониятини оширади. Ушбу қувурни тармоққа улаш бўйича монтаж ишлари 5-6 сентябрь кунлари олиб борилади. Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда таъмирлаш жараёнида Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига вақтинча чекловлар жорий этилади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш мақсадида водий вилоятларида автобензин сотув ҳажмлари оширилади.
Маълумот ўрнида, қурилиш-монтаж ишлари давомида аҳоли истеъмолчиларини табиий газ билан барқарор таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА