Охирги пайтларда ижтимоий тармоқлар, хусусан инстаграм инсонларнинг кундалик ҳаётида ажралмас бўлакка айланган. Бу платформа нафақат дўстлар билан боғланиш ёки вақт ўтказиш воситаси, балки инсон онгини шакллантирувчи, жамиятни ижтимоий, маданий ва сиёсий жиҳатдан ўзгартирувчи воситага айланиши билан ажралиб туради. Инстаграмда ҳар куни миллиардлаб постлар ва қисқа видеолар алмашилади. Бу эса минглаб, миллионлаб изоҳлар шаклида ифода топади. Инсонлар расм ва видеолар учун ўзининг субъектив фикрларини билдириши мумкин. Аммо ҳар бир ишда меъёр бўлганидек изоҳ ёзишнинг ҳам ўзига яраша маданияти бўлиши керак.
Инстаграм алгоритмлари шундай қурилганки, платформада фаоллик, яъни лайклар, постларни кўриш ва энг муҳими, изоҳлар сони юқори бўлса, контент янада кенгроқ аудиторияга етиб боради. Бу эса ўз навбатида кўпроқ таъсир кучини оширади. Шу боис, кўплаб фойдаланувчилар, айниқса блогерлар ва вайнерлар, фақатгина фаолликни ошириш учун ҳар қандай мавзуда ҳатто савиясиз ва бепарво контентларни тарғиб қиладилар.
Ўзбекистон шароитида бу ҳолат янада яққол кўринади. Кўп ҳолларда, айрим блогер ва санъаткорлар оилавий ёки шахсий можаро ва низоларини кенг оммага олиб чиқади. Сўнг, бундай постлар минглаб муҳокамаларга сабаб бўлади. Натижада, контентнинг мазмуни муҳим бўлмайди. Фаоллик юқори бўлса, алгоритм уни янада кўпроқ одамга кўрсатади. Бу эса жамиятнинг онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки кўплаб ёшлар ва фойдаланувчилар бундай тарбиявий аҳамияти мавжуд бўлмаган, ҳеч қандай билим ва кўникма улашмайдиган “аралашма” контентни қабул қилиб, унга кўпроқ эътибор қаратади.

Аксинча, тарих, адабиёт, сиёсат, маданият ва санъат каби соҳаларда фаолият юритувчи контент яратувчилар кўпинча оммавий аудиторияга етиб боришда қийинчиликка дуч келади. Уларнинг постлари камроқ изоҳ ва лайк тўплайди. Бу эса инстаграм алгоритми томонидан камроқ тарқатилишига сабаб бўлади. Шу сабабли, ижтимоий тармоқда ҳақиқатан ҳам фойдали ва таълимий контентнинг ўрни чекланиб қолмоқда.
Инстаграмдаги изоҳлар нафақат фаоллик кўрсаткичи, балки изоҳ ёзаётган ҳар бир инсоннинг дунёқараши ва фикрини ҳам акс эттирувчи восита. Аммо афсуски, кўп ҳолларда изоҳлар эмоционал, шов-шувли ва енгилмас мавзуларда бўлиши одамларнинг эътиборини реал муаммолар ва катта масалалардан чалғитади. Шунинг учун, изоҳ ёзиш маданияти ва унинг мазмунини кўтариш жуда муҳим.
Биз инстаграмдаги бу кучни салбий тарафга сарфлаш ўрнига, катта мақсадлар учун ишлатишимиз керак. Масалан, таълим, маданият, тарих, ижтимоий муаммоларни муҳокама қилишда фаол бўлиш, ҳар бир изоҳимиз орқали ўз фикримизни асосли ва маданиятли тарзда билдириш, шу йўл билан жамиятимизнинг онгини кўтаришимиз мумкин.
Юқорида келиб чиқаётган муаммони яхшилаш учун ҳар бир фойдаланувчи ўз фикрини ёзишда эҳтиёткор, ҳурмат билан ва энг муҳими асосли ҳолда ёзиши лозим. Ўз фикримизни билдираётганда фактларга таянган ҳолда мунозаралар олиб бориш ижтимоий тармоқ муҳитини сифатлироқ қилади.
Фойдаланувчилар ўз вақтини ва энергиясини фақатгина енгил-елпи контентларга изоҳ ёзишга эмас, балки фойдали контентларни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаши мақсадга мувофиқ. Бу эса бутун жамиятимиз ижтимоий онги ижобий тарафга ўзгаришига сабаб бўлади.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга инсонлар ўз кузатувчиларига таъсир қилувчи шахслар сифатида маъсулиятни ҳис қилишлари, зарарли ёки асоссиз контентни тарғиб қилишдан тийилишлари лозим.
Ижтимоий тармоқларда ёзилувчи изоҳлар жамият бирлиги ва ижтимоий фаоллик орқали фикр алмашиш воситаси сифатида кенг кўламдаги муаммоларни ҳал қилиши, фикрларни шакллантириш ва вазиятни ҳар доим яхши томонга ҳал бўлишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Ҳозирда ижтимоий тармоқлар фақатгина технологик ривожланиш эмас, балки жамият онги ва маданиятининг ўзгаришида муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистонда ҳам бу платформалардан фақат кўнгилочар ёки паст даражадаги контентни тарғиб қилиш учун эмас, балки таълим, маданият ва ижтимоий жиҳатдан фойдали материаллар алмашиш учун фойдаланиш зарур.
Изоҳ ёзиш маданиятини ривожлантириш, ўз фикримизни асосли ифодалаш ва ижтимоий тармоқлардаги фаолликни жамият келажагини яхшилаш учун йўналтириш ҳар бир фойдаланувчининг, айниқса жамиятда кечаётган воқеаларга бефарқ бўлмаган инсонларнинг муҳим вазифасидир. Фақат шу йўл билан биз ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсирини камайтириб, уларни ижобий ўзгаришлар манбаига айлантира оламиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА