Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тянцзин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади. ШҲТнинг сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик ва гуманитар йўналишларини қамраб олган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан экология йўналишида ҳам бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, Экопартия фракцияси вакиллари ўз муносабатини билдирмоқда.

Абдушукур Ҳамзаев,
Ўзбекистон Экологик партияси раиси, фракция раҳбари:
— Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Президентимиз томонидан иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли моддалар чиқарилишини камайтириш ҳамда экологик хавф-хатарларни олдиндан башорат қилишда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ШҲТ доирасида “яшил” трансформацияни жадаллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу таклифлар нафақат минтақавий, балки глобал аҳамиятга эга.
Тянцзин декларацияси ва ШҲТни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида “яшил ривожланиш” устувор йўналиш сифатида белгилангани Ўзбекистон ташаббуслари самараси сифатида қаралади. Бу халқаро миқёсдаги экологик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва сиёсий пойдевордир.
Ўзбекистон Экологик партияси ушбу ташаббусларни амалий ҳаракатларга айлантиришда ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик ва илмий доиралар билан яқин ҳамкорликда фаол иштирок этади.

Гулчеҳра Тожибоева,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқида экология ва иқлим ўзгариши масаласига эътибор қаратилгани, шубҳасиз, глобал муаммоларнинг ечимида мамлакатимиз фаол позиция эгаллаётганини кўрсатади.
Бугун дунёда иқлим ўзгариши инсоният учун энг катта хавфлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу жараёндан ШҲТ ҳудудидаги давлатлар ҳам мустасно эмас. Президентимиз таклиф этган ташаббуслар айнан шу муаммоларга ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Аввало, "яшил" йўлаклар ва замонавий экологик инфратузилма ҳақидаги таклифлар эътиборга молик. Бу нафақат иқтисодий самара, балки табиат ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатни кучайтиради. Шу билан бирга, сунъий интеллект ёрдамида иқлим ўзгаришларини башорат қилиш, хавфларни олдиндан кўриш каби ғоялар замонавий ва долзарб ечим сифатида намоён бўлди.
Шунингдек, "яшил" саноат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва махсус Иқлим кенгашини тузиш таклифлари – бугунги кун талабларига мос келадиган муҳим ташаббуслардир. Айниқса, Оролбўйи минтақасида амалга ошириладиган экологик ва инновацион лойиҳалар бутун минтақа учун ҳаётий аҳамият касб этади.
Менимча, бу ташаббуслар ортида бир ҳақиқат ётади: иқтисодий ривожланиш экологиядан узоқда бўлмаслиги керак. Яшил технологиялар, қайта тикланувчи энергия ва табиатга эҳтиёткор муносабат — барқарор келажакнинг асосий пойдевори.
ШҲТ минбаридан янграган бу таклифлар нафақат минтақа, балки бутун жаҳон миқёсида ҳам долзарб. Чунки бугунги экологик хавф-хатарлар давлатларни алоҳида-алоҳида эмас, балки ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга ундамоқда. Шундай экан, Президентимиз нутқида илгари сурилган ғоялар келгусида мамлакатимиз ва бутун минтақада экологик барқарорликни таъминлашда янги йўналиш очишига ишончим комил.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.