1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги куни Ҳиндистоннинг машҳур меъморий ёдгорликларидан бири – Деҳлидаги Қутб Минор илк бор мамлакатимиз байроғи ранглари билан ёритилди.
Бу ҳинд халқининг ўзбек халқига бўлган ҳурмат ва дўстлиги рамзи, шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг 34-йиллигига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
Ҳиндистон 1991 йил 26 декабрь куни юртимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Кўп ўтмай, 1992 йил 18 март куни Тошкент шаҳрида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида баённома имзоланган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар изчил ривожланди. Хусусан, 2024 йил якуни билан ўзаро савдо ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди.
Ҳиндистонда ҳар йили Ўзбекистон мустақиллиги кунига бағишланган тадбирлар ўтказилади, мамлакатдаги етакчи оммавий ахборот воситаларида шу мавзуга оид мақолалар чоп этилади. Айниқса, бу йилги байрам ўзгача тантана билан нишонланди, яъни тарихда илк бор ғиштдан қурилган дунёдаги энг баланд минора Ўзбекистон байроғи ранглари билан ёритилди.
Қутб Минор 1193 йилда Деҳли султонлиги асосчиси Қутбиддин Ойбек ташаббуси билан барпо этилган. Қурилиш ишлари XIV асрда якунланган. Унинг баландлиги 72,6 метрни ташкил қилади. 1993 йилда ушбу мажмуа ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирилган.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА