Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва “UNICEF” қўшма ҳисоботида айтилишича, ер юзидаги ҳар тўртинчи одам ҳалигача тоза ичимлик сувидан фойдалана олмайди.
– 2015 йилдан буён эришилган ижобий натижаларга қарамай, жами 2,1 миллиард инсон ҳануз тоза сувдан баҳраманд эмас, сайёрамизнинг 106 миллион аҳолиси эса бевосита тозаланмаган сув манбаларидан истеъмол қилади, – дейилган ҳужжатда. – Шунингдек, 3,4 миллиард киши хавфсиз санитария ва гигиена шароитига эга эмас, 1,7 миллиард одам ҳалиям уйида оддий гигиена хизматидан фойдалана олмайди.

Кам таъминланган мамлакатларда, заиф шароитда, қишлоқларда яшовчи одамлар, болалар, шунингдек этник озчилик ва маҳаллий халқ вакиллари ўта сезиларли тенгсизликка дуч келмоқда.
Болалар хавфсиз сув, санитария ва гигиенадан маҳрум бўлса, уларнинг соғлиғи, таълими ва келажаги хатар остида қолади. Бундай тенгсизлик, айниқса, сув тўплаш юкламаси зиммасига тушадиган, ўсмирлигида қўшимча қийинчиликка дуч келадиган қизларга кескин хавф солади.

Ҳозир ҳар бир бола учун хавфсиз сув ва санитария таъминланиши билан боғлиқ мажбуриятни бажариш тобора қийинлашмоқда, дейилган UNICEF ҳузуридаги “Сув, санитария ва гигиена дастури” директори Сесилия Шарп келтирган ҳисоботда.
С.Раҳимов, ЎзА