Самарқанд…
Минтақанинг юрагида, тарих ва маданият бешиги саналган Регистон майдонида кеча тарихий воқеа рўй берди. Асрлар давомида маданий меросни асраб келган бу муқаддас маскан, бугун дунё саҳнасидаги энг улуғ овозлардан бирига мезбонлик қилди.
Дунёга машҳур италиялик тенор — Андреа Бочелли илк бор Самарқанд саҳнасида жонли ижро қилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уюштирган ушбу концерт нафақат юртимиз аҳли, балки хориждан келган меҳмонлар учун ҳам унутилмас тантанага айланди.
90 миллиондан ортиқ аудиоёзув сотган, 6 карра Grammy ва 6 карра Latin Grammy мукофотлари соҳиби бўлган Бочеллининг овози оламни ҳайратга солиб келмоқда. У Олимпия ўйинлари, жаҳон кўргазмалари ва энг нуфузли санъат анжуманларида чиқиш қилган. Энди унинг овози Самарқанд осмонида жаранглади.
— Мен жуда бахтиёр, чексиз хурсандман ва имкон қадар ҳамма нарсани ўрганишга қизиқяпман. Кейинги ой Нью-Йоркдаги Метрополитан театрида бўламан. Энг муҳими мусиқаларим ҳали яхши танилмаган жойларга олиб боришдир. Шу маънода, Самарқанд мен учун жуда қадрлидир: бу ерда мусиқага бўлган самимий меҳр ва қизиқиш мени янада илҳомлантиради, — деди Бочелли.
Концертда жаҳоннинг етакчи опера хонандаларидан бири Аида Гарифулина ҳам саҳнага чиқди. Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ва мамлакатнинг машҳур хор жамоалари томонидан эса жонли мусиқа саҳнага чирой бағишлади.
Бу кеча нафақат концерт, балки маданий ҳамжиҳатликнинг рамзига айланди. Андреа Бочеллининг Самарқанддаги концерт дастури — Ўзбекистон маданий ҳаётидаги янги саҳифа, юртимизда ривожланаётган маданий туризм йўлидаги қадамдир.
— Самарқанд ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига кирган энг гўзал ва тарихий шаҳарлардан бири, — деди ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади. — Бу ерда кўплаб халқаро анжуманлар, конференциялар, жумладан Шарқ тароналарига ўхшаган дунёга машҳур концертлар ўтказилади. Шаҳар ўзининг бежиримлиги орқали хориждан келган сайёҳларни ҳам ром этади. Меъморий объектлар мамлакатнинг тарихи ҳақида сўзлаб туради. Италиялик ёрқин юлдуз Андреа Бочеллининг концерти ҳам боқий шаҳарни кўпроқ ўрганишга, зиёрат қилишга хизмат қилади ва Ўзбекистон — Италия маданий ҳамкорлигининг ривожланишига туртки бўлади.
Регистон майдонидаги бу тарихий оҳанглар, асрлар оша юракларимизда яшайди…
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tIAXL6G4aZg" title="Andrea Bochelli ovozi Samarqand osmonida jarangladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА