Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мамлакатимизда автомобиллар хавфсизлиги ва сифати бўйича янги тартибни жорий этмоқда. Эндиликда, 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб автомашиналарни Пискент автополигонида синовлардан ўтказиш амалиёти тўхтатилади.
Маълумки, 2024 йил 1 ноябрдан автомобиллар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган техник регламент асосида Пискент синов мажмуасида текширувдан ўтказилиб келинар эди. Бу жараён импорт автомобилларнинг сифат ва хавфсизлик талаблари бўйича синовдан ўтишига хизмат қилган.
Нега синовлар тўхтатилмоқда?
Ўтган йилда республикамизда фақат 3 та расмий дилерлик маркази фаолият юритган ва улар 15 та автомодель учунгина турини маъқуллаш ҳужжатини олишга муваффақ бўлган эди.
Бугунги кунда эса 21 та хорижий компаниянинг расмий дилерлари фаолият бошлади ва 100 дан ортиқ автомобиль русумига расмий тасдиқ берилди.
Шу сабабли, эндиликда истеъмолчиларга сифатли, хавфсизлиги кафолатланган ва техник регламентларга мос автотранспорт воситаларини расмий дилерлардан харид қилиш имконияти яратилди.
Хамроз Баянов,
ЎзА