Ёзги таътил тугаб, бугун эрта тонгдан ўқувчилар қадрдон мактаблари томон йўл олишди. Янги ўқув йилида республикамизнинг турли ҳудудларида замонавий талабларга жавоб берадиган кўркам мактаблар қад ростлади.
Бугун “Биринчи қўнғироқ” тадбирларига ҳамоҳанг пойтахтимизнинг Бектемир туманида 358-умумий ўрта таълим мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
—Жорий йилнинг 20 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бектемир туманига ташрифи чоғида 358-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрган ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишган, — дейди мактаб директори Сожида Абдуллаева. — "Тошкент тажрибаси"га асосланган мактабимизда, замонавий ҳолатда қурилган спорт ҳамда фаоллар зали, инклюзив таълим олишга яратилган шароитлар, "Турон театр" тўгараклари учун хоналар, ўқувчиларнинг билим олиши учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, касбга йўналтирилган робототехника, IT хоналари, хорижий тилларни ўргатишга мўлжалланган инглиз тили ва информатика хоналари мавжуд. Мактабимизда яратилган мана шундай шароитларга муносиб тарзда билдирилган ишончни жамоамиз ва ўқувчилар билан бирга албатта оқлаймиз.
Мазкур мактаб 990 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугун 900 нафар ўқувчи билан илк дарслар бошланди. Бу йил 1-синфга 196 нафар ўқувчи қамраб олинди. Ўқувчиларга билим бериш учун 48 нафар олий тоифали педагоглар жалб этилди. Синфларга барча ўқувчилар суҳбат асосида қабул қилинди.
"Биринчи қўнғироқ" жараёни фақат расмий тадбир эмас, балки бутун юртнинг маънавий ҳаётидаги муҳим воқелик. Айниқса, биринчи марта мактаб остонасига қадам қўйган кичик ўқувчилар учун бу кун унутилмас тарихий саҳифа сифатида ёдда қолади. Улар учун мактаб – катта ҳаёт йўлининг илк босқичи.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4Ap7oNdbIhQ" title="Maktab — hayot yo‘lining ilk bosqichi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Дониёр Ёқубов (видео), Анвар Аҳмедов (монтаж), ЎзА