Юртимизнинг барча умумтаълим масканларида 2025/2026 ўқув йилининг биринчи дарс сoатлари бoшланди.
Таълим-тарбия, мактаб, устоз, китоб халқимизда азалдан энг улуғ қадриятлар саналган. Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, устозларнинг мавқеини тобора юксалтириш, халқимизнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда таълим тизимига ижобий ўзгартиришларни жорий этиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

2 сентябрь – янги ўқув йилининг бошланиши бутун мамлакатимиз бўйлаб билимлар, маърифат ва маънавият байрамига айланиб кетди. Негаки, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табриги наинки ўқувчилар ва устоз-мураббийлар, балки ота-оналар, кенг жамоатчиликни ҳам руҳлантириб юборди.
Янги ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали тадбир пойтахтимиздаги 273-мактабда ҳам юксак савияда бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табриги ўқиб эшиттирилди.

Табрикда эътироф этилганидек, кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади.
Шу маънода, мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнлари тобора такомиллашиб бораётгани, ҳар йили кўплаб янги ўқув масканлари барпо этилаётгани, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, мактаб иши умумхалқ ҳаракатига айлангани – кейинги даврда эришган энг катта ютуқларимиздан биридир. Зеро, мактаб – бу мўъжиза, китоб, устозлар ўтадиган ҳар бир дарс – беқиёс хазина.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзoза Каримoва таълим соҳасига мамлакатимизда устувор масала сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Янги ўқув йилида кутилаётган янгиликлар ва сoҳадаги ўзгаришлар ҳақида батафсил тўхталди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, айни дамда юртимизда 10 минг 193 мактаб мавжуд бўлиб, унда 6 миллион 754 минг 813 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.
2025 йилнинг ўзида жами 440 та мактаб ва 226 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Натижада мактабларга қўшимча 115 дан ортиқ янги ўринлар яратилади, мавжуд 100 мингдан ортиқ ўринлар замонавий қиёфага келтирилади.
Мактабгача таълим ташкилотларида эса 8 мингдан ортиқ янги ўринлар яратилиб, 25 мингдан ортиқ ўринлар замонавий форматга келтирилади.
Жорий йилда 720 минг нафардан ортиқ ўқувчилар 1-синфга қадам қўйди. Уларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” тантанали тарзда топширилди.
Янги ўқув йилидан қатор янгиликлар мавжуд. Жумладан, барча таълим ташкилотларида ҳафтанинг ҳар душанба куни “Келажак соати” дарслари ташкил этилиб, зарур қўлланмалар milliytarbiya.uz платформаси орқали етказилаяпти. Янги ўқув йилидан “боғча –мактаб – олий таълим” тизимида ягона ғоявий тарбия тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади.
I ва II гуруҳга кирувчи мактабгача таълим ташкилоти директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари тегишлича III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Тантанали тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзoза Каримoва мактабга 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларни ушбу шoдиёна билан табриклади ва “Президент сoвғаси”ни болажонларга топширди. Айни пайтда вазир “Келажак сoати” дарсларида қатнашиб, ўқувчи-ёшлар билан самимий мулoқoт қилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири