Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганига 34 йил тўлди. Бу йиллар – халқимиз орзулари, миллий қадриятлари ва юксак интилишлари амалга ошган, тарихий йўлда улкан ютуқларга эришилган даврдир.
Яқинда узоқ муддатли Хитой сафарида бўлдим. Сафар давомида Ватан соғинчи билан бирга қалбим фахр ва ифтихор ҳиссига ҳам тўлиб қайтди. Бу ҳолатни кичик бир воқеа орқали тасвирлаб бериш мумкин.
2022 йил март ойида илк бор хорижга чиққанимда, турли миллат вакиллари билан суҳбат қурганимда "Қайси мамлакатдансиз?" деган савол албатта бериларди. "Ўзбекистонданман" деган жавобимни баъзилар тушунса, айримлари "Покистонданмисиз?" дея яна сўраб қўярди. Шунда уларга Ватанимизнинг тарихи, маданий мероси ва улкан обидалари ҳақида сўзлаб беришга ҳаракат қилардим. Ростини айтсам, ўша пайтларда кўпчилик юртимизни билмаслигидан бир оз ранжирдим ҳам.
Орадан уч йил ўтиб, яқинда бўлган Хитой сафарида вазият бутунлай бошқача бўлди. Турли сайёҳлик жойларига ташриф буюрганимизда ватанимизнинг байроғи акс этган футболка кийиб, елкамга ҳам байроғимизни ташлаб юрдим. Энг қувончлиси – ҳеч ким мендан "Бу қайси байроқ?" деб сўрамади. Аксинча, кўпчилик ўзаро шивирлашиб: "Бу – Ўзбекистон байроғи!" деб таниб, ҳурмат билан қаради. Ана шу лаҳза қалбимда чексиз ғурур ва ифтихор уйғотди.

Дунёга очилган Ўзбекистон
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ЯНГИ босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Ўзбекистон очиқ, тинчликсевар ва фаол ташқи сиёсат юритаётган давлат сифатида тан олинмоқда.
Бугун юртимиз овози БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ ва бошқа йирик халқаро форумлардан жарангламоқда. Марказий Осиёда барқарорлик, транспорт-логистика йўналишлари, экология ва сув ресурслари, "яшил" энергетика, инсон ҳуқуқлари ва ёшлар сиёсатидаги ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Ёшларга эътибор – келажак пойдевори
Мустақиллик йилларида ёш авлод тарбияси ва таълимига катта аҳамият берилди. Ҳозир миллионлаб ёшлар хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш имконига эга, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштирмоқда.
"Ёшлар – келажагимиз" тамойили ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги, давлат грантлари, IT-парклар ва стартап дастурлари – буларнинг барчаси ёшларга катта йўл очмоқда. Спортда хам ёшларимиз жаҳон чемпионликларини қўлга киритиб, байроғимизни баланд кўтармоқда.
Ўзбекистоннинг янги қиёфаси
1991 йил билан солиштирганда, бугунги Ўзбекистон – замонавий, очиқ ва тараққий этувчи давлат. Мамлакатимиз ташқи савдо ҳажми ўнлаб баравар ошди, 180 дан зиёд давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатилди, юзлаб халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Энг асосийси, халқимизда ўз кучига ишонч, ғурур ва келажакка қатъий ишонч мустаҳкамланди. Мустақиллик бизга миллий ўзлигимизни, эркин фикрлаш имкониятини, бирлик ва ифтихор туйғусини бахш этди.
Хулоса ўрнида
Бугун Ўзбекистон ёш ва кучли авлодга таянаётган, жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган давлатдир.
Мустақиллик – биз учун энг улуғ неъмат. Байроғимиз нафақат қўлларимизда, балки қалбимизда ҳам баланд ҳилпираб туриши керак. Чунки Ватан руҳи – энг буюк кучдир.
Нозимбек Мардонов, ЎзА