Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Маълумки, шу вақтгача мамлакатимиздаги гидроэлектр станциялари учун зарур бўлган қурилмалар асосан хориждан олиб келинар эди. Аммо кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бу имконият юртимизнинг ўзида яратилди.
Шу маънода, гидроэнергетика соҳасидаги муҳим ютуқлардан бири – “UzHydroPower” заводининг ишга туширилгани тизим ривожи йўлидаги катта қадамдир.
ЎзА мухбирининг “UzHydroPower” заводи директори ўринбосари Абдулла Фозилов билан суҳбати мазкур корхонанинг миллий саноатимиз равнақидаги ўрни хусусида бўлди.
– Абдулла ака, таъкидлаганимиз каби гидроиншоотлар учун зарур бўлган қурилмалар тўлиқ хориждан олиб келинган. Бугун эса бу жиҳозлар ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Сизнингча, бундай янгилик миллий иқтисодиёт ва гидроэнергетика тараққиёти учун қандай аҳамият касб этади?
– Албатта, бу ғоят катта ютуқ. Илгаригидек бутунлай импортга таяниш ўрнига, эндиликда ўзимизда гидроагрегатлар, турбиналар, генераторлар ва сув насос агрегатлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бунинг аҳамиятини тўғри баҳолаш учун икки жиҳатга эътибор қаратиш керак. Биринчидан, миллий иқтисодиётимизнинг узлуксиз ишлаши ва энергетик хавфсизлигини таъминлайдиган стратегик маҳсулотларни энди ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Бу иқтисодий мустақилликнинг энг муҳим кафолатидир.
Иккинчидан, бундай заводнинг очилиши мамлакатимизда юқори технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш маданияти ва илғор бошқарув тажрибалари кириб келишига олиб келади. Шу боис, “UzHydroPower” нафақат иқтисодий, балки технологик тараққиётимизнинг ҳам ёрқин ифодаси ҳисобланади.
– Заводда қандай қувватдаги жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда ва улар қай даражада рақобатбардош?
– Биз бу ерда 1 кВт дан 40 МВт гача қувватга эга гидроагрегатлар ишлаб чиқарамиз. Энг муҳими, маҳсулотларимиз Хитой аналогларидан 12 фоизга, Россия аналогларидан эса 27 фоизга арзон.
Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда камида 72 фоиз маҳаллий компонентлардан фойдаланилади. Демак, бу завод импорт ўрнини босиш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишда улкан имкониятлар эшигини очади.
– Корхонанинг ҳозирги лойиҳалари ва келгуси режалари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
– Бугунги кунга келиб, “UzHydroPower” маҳсулотлари Қорақалпоғистон ва Сурхондарёдаги 10 га яқин кичик ГЭСларда муваффақиятли ишга туширилди. Шунингдек, “Қуйи Чотқол ГЭС” ҳамда Норин ГЭСлар каскади учун зарур жиҳозлар тайёрланмоқда.
Яқин йилларда эса маҳсулотларимизни қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Бу Ўзбекистоннинг гидроэнергетикадаги глобал салоҳиятини очиб берувчи муҳим қадам бўлади.
– Корхонада кадрлар тайёрлаш ва ёш мутахассислар билан ишлаш қай тарзда йўлга қўйилган?
– Бизда “устоз-шогирд” анъанаси асосида мутахассислар тайёрланмоқда. 7 нафар ёш кадр Хитойда 3 ойлик малака ошириш курсларини якунлаб қайтди. Шу билан бирга, 60 нафар ходимни хорижда ўқитиш режалаштирилган.
Бу билан биз фақат замонавий ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан чекланмай, балки юқори малакали кадрлар захирасини ҳам шакллантиряпмиз.
Энг муҳими, бу кадрлар нафақат завод, балки бутун мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришда янги авлод сифатида шаклланмоқда. Улар эртанги куннинг илғор мутахассислари, янгича фикрлайдиган муҳандислари ва соҳани олға бошлаб борувчи кучига айланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “UzHydroPower” заводи нафақат замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, балки миллий иқтисодий мустақилликка қўшилаётган беқиёс ҳиссаси билан ҳам аҳамиятлидир. Бу корхона мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасини янги босқичга кўтариш, юқори технологияларни ўзлаштириш ва ёш авлодни илғор тажриба асосида тайёрлашга хизмат қилмоқда.Шу жиҳатдан, “UzHydroPower” наинки саноатимиз ифтихори, балки Ўзбекистоннинг эртанги тараққиёти ва барқарор келажагига қаратилган стратегик қадам сифатида ҳам юксак аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/psBcRKzfXnw?si=vrtROjmVnocESQax" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео,монтаж), ЎзА