Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот фаолияти натижасида ишлаб чиқилган мазкур замонавий сув тайёрлаш ва сувни тозалаш бўйича инновацион қурилмалар мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш ва ичимлик суви сифатини оширишда самарали хизмат қилади.
Институт мутахассислари сув билан боғлиқ масалаларнинг тўлиқ ечимини таклиф этиб, объектни ўрганишдан тортиб, мос ускуналарни танлаш, монтаж қилиш ва созлаш, кафолатли сервис хизмати ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришгача бўлган кенг қамровли хизматларни тақдим этишмоқда. Ишланмалар ноёб ва ўзига хос бўлиб, сув тозалаш соҳасидаги энг сўнгги илмий ва технологик ютуқлар асосида яратилган.
Институт олимларининг илмий изланишлари натижалари Ўзбекистон Республикасининг 7 та патенти билан ҳимояланган, шунингдек, Journal Water of Supply, Desalination, Water Research каби нуфузли халқаро илмий журналларида чоп этилган 40 дан ортиқ мақолаларда ўз аксини топган. Яратилган қурилмалар “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тасдиқланган.
Биргина, нанокомпозитли катионит асосидаги кимёвий сув тайёрлаш тизими борасида тўхталсак, мазкур тизим махсус ишлаб чиқилган нанокомпозитли катионит асосида сувдаги кальций, магний ва оғир металл ионларини самарали тарзда тозалаш орқали сувни юмшатишга мўлжалланган.
Қурилмадан уй-жой ва хўжалик эҳтиёжлари, шунингдек саноат корхоналарида? қозонхоналар, буғ генераторлари ва бошқаларда кенг фойдаланиш мумкин. Кумуш нанозаррачалари билан модификацияланган катионитдан фойдаланилади, бу эса биоцид хусусиятларни таъминлаб, тизимнинг хизмат муддатини оширади.
Хусусан, Ионатор деб номланувчи мазкур қурилма ичимлик сувини хлорсиз зарарсизлантириш тизими ҳисобланади. Ушбу тизим ултрабинафша нурланиши ва ионизациялаш технологиялари асосида сувдаги бактериялар, вируслар, хлор қолдиқлари ва бошқа зарарли микроорганизмларни самарали йўқ қилади.
Таклиф қилинган ускуналар асосан артезиан, ер усти ва водопровод сувларини тозалашга мўлжалланган.
Бундан ташқари, бу ускуналардан кичик аҳоли пунктлари, саноат корхоналари ва уй-жой массивларида фойдаланиш мумкин.
Сув зарарсизлантиришнинг икки босқичли технологияси туфайли дезинфекция самарадорлиги юқори ва таъсири узоқ муддат сақланади.
Электр таъминоти бўлмаган, чекка худудларда фойдаланиш учун қуёш батареяларида ишловчи сув тозалаш, тузсизлантириш ва зарарсизлантириш тизимлари мавжуд бўлган ускуналар мажмуаси ишлаб чиқилган.
Ядро физикаси институти томонидан яратилган бу қурилмалар экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва сифатини ошириш, саноат корхоналарида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Ишланмалар хорижий аналоглардан фарқли равишда Ўзбекистон шароитига мослаштирилган ва мавжуд сувнинг сифатини ўргангшан ҳолда фақат зарур усулларни қўллаш ҳисобига ускуна нархи арзонлигини хамда сервис хизматларини таклиф қилиш ҳисобига уларнинг узоқ йиллар хизмат қилишини таъминлайди.
Ядро физикаси институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур технологиялар мамлакатимизда сув таъминоти ва экологик муаммоларни ҳал қилишга самарали хизмат қилади.
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА