Жонажон Ўзбекистонимиз ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритганига ва мустақил тараққиёт йўлига ўтганига 34 йил тўлди. Бу дориломон кунлар не-не жадид боболаримизнинг асрий орзуси эди. Халқимиз ҳар йили бу муаззам кунни байрам қилишдек бахтга эришди. Инсон бахтли бўлиши учун эркин бўлиши, эркин бўлиши учун эса мустақил бўлиши керак. Демак биз, энг аввало, мустақилликнинг мазмун-моҳиятини англаб олишимиз ва ёш авлодга унинг аҳамиятини етказишимиз зарур. Инсон “мустақиллик” деган улуғ туйғуни ўз тақдирига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқи эканлигини англаши ва уни янада мустаҳкамлашга интилиши зарурлигини тушуниши лозим.
Мамлакатимизда мустақиллик ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларда туб ислоҳотларни амалга ошириш имконини берди. Иқтисодий, сиёсий, маданий ва маънавий соҳаларнинг эркинлаштирилиши туфайли мамлакатимизда бозор муносабатлари босқичма-босқич амалга оширила бошлади. Мустақиллик туфайли мулкка эгалик ва унинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди ва чуқур ислоҳ қилинди. Мустақиллик халқимизни мамлакатимиз ҳудудидаги табиий ресурс ва бойликларнинг ҳақиқий эгасига айлантирди. Халқимизнинг азалий ҳаёт тарзидан чуқур ўрин олган урф-одатлари, анъаналари, байрамлари ушбу байрам туфайли қайта жонланди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Маънавий меросимизнинг дурдоналари она тилимизда нашр этила бошланди. Халқимизнинг тарихи қайта тикланиб, улуғ аждодларимиз қолдирган бой ва бебаҳо мерос нафақат халқимиз, балки ўзга халқлар томонидан ҳам кенг ўрганила бошланди. Ўзлигимизни англаш ва жаҳон афкор оммасига танитиш йўлида улкан қадамлар қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда “Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ. 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди”.
Давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилди. Ҳурматли юртбошимиз томонидан демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Биз шу кунларда мустақиллигимизнинг 34 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Мана шу қисқа давр мобайнида мамлакатимизнинг босиб ўтган мураккаб йўлини, унинг эришган муваффақиятлари, ривожланиш босқичлари ва эришилган натижаларга холисона баҳо беришимиз, ушбу натижалар моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишимиз мақсадга мувофиқдир.
Минг шукрки, биз мустақиллик туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилдик. Истиқлол туфайли юртимизни жаҳон ҳамжамияти таниди. Халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ҳар соҳадаги ютуқлари, ғайрати, азму шижоати туфайли ватанимизнинг шон-шуҳрати оламга ёйилди.
Энг қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган халқчил, адолатли ва кенг қамровли ислоҳотлар бутун халқимиз ҳаётида ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бунда халқ манфаати барча нарсадан устун даражага олиб чиқилди, “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил остида давлат бошқаруви органлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу ишларнинг барчаси “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу даъват асосида амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Унга кўра, жорий йилда байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилмоқда. Ватан, Миллат ва Халқ тушунчалари одамзод учун энг олий қадрият. Ушбу уч тушунча инсоннинг маънавий-ахлоқий мезони, фидойилик тимсоли ва фаол фуқаролик позициясини белгилайди. Улар алоҳида қаралса ҳам, бир-бирига узвий боғланган ягона уйғунлик — уч бирлик сифатида жамият тараққиёти, миллий ўзлик ва давлат барқарорлигининг асосий таянчи бўлиб хизмат қилади. Ватан — борлиқ, у табиат ва жамиятнинг узвий бирлиги билан боғлиқ ҳудуд бўлса, Миллат – бойлик, у тили, қадриятлари, урф-одат, анъаналари билан ўзлигини сақлай олиш, Халқ эса – борлиқ, яъни мавжудлик мезони муштарак мақсадлар билан истиқбол сари интилувчи куч. Ватан обод бўлса буюк миллат юксалади ва халқ деган қудрат мустаҳкамланади.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз.
Мансур Юнус,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
филология фанлари доктори