Марғилоннинг энг оғриқли муаммоларидан бири аҳолисининг зичлиги,уй-жой қуриш учун бўш майдонлар танқислиги эди. Шунда Президент ташаббуси билан жорий этилган эски уй-жойлар ўрнида кўп қаватли бинолар қуриш дастури қўлланди.
Шаҳарнинг илон изи кўчаларидаги эски, пастқам, нураган, асосан тупроқдан қурилган торгина уйларда ҳатто икки-уч авлод яшаб келган. Уларда санитария ҳолати ҳам муаммо эди. Чунки, асосан 2-4 сотих уйларда камида 2-3 та, баъзиларида эса 4 та оила бўлган.

Ниҳоят, қатъий ирода кўрсатиб, аҳоли билан келишган ҳолда бу уйлар бузила бошланди. Ўрнига кўркам, барча қулайликларга эга кўп қаватли уйлар қурила бошланди. Ишлар кеча-кундуз олиб борилди. Ниҳоят бир йил ўтар-ўтмас шаҳардаги Ипакчи маҳалласида бири-биридан гўзал ва кўркам бинолар қад ростлади. Бугунги кун маҳалла аҳли учун ҳаётларидаги янги, унутилмас саҳифа бўлиб қолди. 68 та эски уй ўрнида 244 та оила учун янги хонадонлар калити тантанали суратда топширилди. Улар орасида тўрт сотихли эскирган уйларда тўртта оила бўлиб яшаётган Раҳматилло Эминжонов ҳам бор эди.

– Юз йил аввал қурилган уйда 16 нафар оила аъзоларимиз яшаб келди, – дейди Раҳматилло ота. – Президентимиз қарорига асосан бузилган уйимиз ўрнига олтита хонадон берилди. Энди чол-кампирлар алоҳида уйда яшаймиз. Шароит жуда яхши. Иссиқ сув бор. Болалар ўйингоҳларини айтмайсизми. Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Бугун ¬¬¬Раҳматилло ота каби ўнлаб оилаларга бузилган уйлари ўрнига икки, уч, ҳатто тўрттадан янги хонадон калитлари топширилди.
Янги хонадонлар эса барча қулайликларга эга, шинам, ёруғ, баҳаво.
– Янги уйга кўчиб чиқдик, – дейди Ҳанифахон Жалилова. – 3 та икки хонали уй берилди.

Марғилон Ўзбекистон Президентининг 2024 йилдаги ташрифидан кейин мутлақо янгича қиёфага кирмоқда. Бир йилда 120 гектар майдондаги “Янги Ўзбекистон” ҳудудида 46 та кўп қаватли уйлар қуриляпти. Баъзилари фойдаланишга топширилиш арафасида. Шу ерда мактаб, мактабгача таълим муассасалари, театр, музей, Бурхониддин Марғиноний илмий маркази, сайлгоҳ хиёбонлар қад ростлаяпти.

Тантанада вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳрини кенгайтириш, яна бир неча минг хонадонга эга кўп қаватли уйлар қурилиши ва реновация дастури давом эттирилишини билдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/l8K-xBo38_k" title="Eski uylar o‘rnida yangi ko‘p qavvatli binolar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео),ЎзА