Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Мустақиллик байрами юртимиз учун энг улуғ ва энг азиз айёмлардан бири ҳисобланади. Чунки айнан шу кунда халқимиз асрий орзу-умидларига етишиб, ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадрият ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда мустақил тараққиёт йўлини танлаш имкониятига эга бўлди.
Мустақиллик халқимизга озод ва обод ҳаёт қуриш, юрт равнақи ва келажак авлодлар фаровонлиги йўлида буюк марраларни кўзлаш борасида беқиёс куч-қувват бахш этди. Шу боис, мазкур байрам ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланиб, халқимиз қалбида юксак ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Бугун “Ўзбекгидроэнерго” АЖ маъмурий биноси ҳудудида мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” ғояси асосида ташкил этилган байрам тадбири иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Унда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Иноят Суннатов сўзга чиқиб, ташкилот жамоасини ушбу қутлуғ байрам билан табриклади.
Мутахассис таъкидлаганидек, кейинги йилларда энергетика соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу жараёнда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ амалга ошираётган ишлари ва корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган “яшил” энергия муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Жамиятимиз ташкил топган 2017 йилдан бугунги кунга қадар 450 мегаваттлик қўшимча қувватлар ишга туширилди. Бугунги кунда корхона таркибидаги умумий гидроэлектр станциялари сонини 100 дан ошириш режалаштирилган бўлиб, бу борада янги қурилаётган кичик, микро ва мобил ГЭСлар муҳим ҳисобланади. Айтиш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” бир қатор инвестиция лойиҳалари учун молия ресурсларини жалб қилишга муваффақ бўлди. Жумладан, “Зарчоб-3” ГЭС ва Катта Андижон каналида кичик ГЭСлар каскади қурилиши учун 5 миллион евро ва 122 миллион юань миқдорида давлат кафолатисиз кредитлар жалб қилинган. 160 мегаваттли “Юқори Пскем” ГЭС лойиҳаси учун АҚШ молия институтидан 70 миллион евро, Хитой молия муассасаларидан эса 285 миллион доллар маблағ ажратиш бўйича келишувларга эришилган. Ташкилотимиз бугунги кунда мустақил кредит рейтинги бўйича Ўзбекистондаги топ-3 компаниялар қаторига киргани қувонарли. Бу ютуқ эса компаниянинг корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, харажатларни оптималлаштириш, хатарларни самарали бошқариш ва энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширган ишлари самарасидир, – деди И.Суннатов.

Ташкилотнинг бу йилги режалари янада улкан. 2025 йилда жамият томонидан 405 миллион долларлик ва йиллик ишлаб чиқариш қуввати 912 миллион киловатт-соатга тенг 32 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган.
Байрам тадбирида миллий куй-қўшиқлар ижроси иштирокчиларга хушнудлик бағишлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА