Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Президентимиз фармонига биноан, таниқли шоирлар – Ўзбекистон халқ шоирлари Муҳаммад Юсуф ва Рауф Парфи вафотидан сўнг юксак давлат мукофоти – “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ушбу мукофотларни ижодкорларнинг хонадонига ташриф буюриб, оила аъзоларига тантанали тарзда топширди. Бу ташаббус нафақат йирик адибларнинг хизматларига берилган муносиб баҳо, балки мустақил Ўзбекистон маданиятининг руҳий пойдеворига ҳурмат ифодасидир.
Хонадонларга ташриф давомида уларнинг яқинларига Ўзбекистон илм-фани, адабиёти ва маданиятини ривожлантиришга, жамиятда меҳр-оқибат, адолат ва маънавий юксалиш тамойилларини қарор топтиришга қўшган ҳиссаси учун ҳурмат ва миннатдорчилик билдирилди.
[gallery-25011]
Шу билан бирга, мукофотланганларнинг оила аъзолари мамлакат Президентига ушбу ижод аҳлининг ёрқин намоёндаларининг меҳнати ва хизматлари юксак баҳолангани, мамлакатимизда авлодлар маданияти хотирасига эътибор ва ғамхорлик кўрсатилётгани учун ташаккур билдиришди.
Шоирларнинг вафотидан сўнг давлат мукофоти билан тақдирланиши фақат бир маросим эмас. Бу маънавиятга, адабиётга, миллат руҳини тарбиялаган сўз санъаткорларига берилган энг олий эътирофдир. Ушбу мукофот орқали нафақат адиблар, балки улар тарбиялаган бутун бир авлод, уларнинг шеърлари билан улғайган юрт фарзандлари ҳам қадрланмоқда.
Муҳаммад Юсуф ва Рауф Парфи – икки хил йўлдан борган, лекин бир мақсадга етган икки йирик ижодкор. Улар ўз шеърияти орқали мустақил Ўзбекистон маданий тафаккурининг руҳиятини яратди. Бугун улар ижоди дарсликларда, қўшиқларда, халқ оғзида яшамоқда, бу эса абадийликнинг ҳақиқий мезонидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА